Йўл маданияти — ҳаётга эҳтиром мезони
Инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳар қандай жамият тараққиётининг энг устувор мезонларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат иштирокчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, йўлларда хавфсиз муҳитни шакллантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнда давлат идоралари билан бир қаторда сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги умумхалқ вазифасига айланмоқда.
Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши ташаббуси билан вилоят Транспорт бошқармаси ҳамда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамкорлигида Бухоро автошоҳ бекатида “Йўл маданияти – хавфсиз ҳаёт кафолати” шиори остида кенг қамровли тарғибот акцияси ўтказилди.
Акция давомида жамоат транспорти ҳайдовчилари, йўловчилар ва фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш, белгиланган тезлик меъёрларига риоя этиш, пиёдаларнинг устувор ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, хавфсизлик камарларидан фойдаланиш, йўловчиларнинг ўз хавфсизлигига масъулият билан ёндашиши юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, иштирокчиларга тарғибот буклетлари тарқатилиб, йўл ҳаракати маданиятини шакллантиришга қаратилган амалий тавсиялар етказилди.

Мазкур акция республика миқёсида 3–21 август кунлари ўтказилаётган “Йўл маданияти – хавфсиз ҳаёт кафолати” лойиҳасининг муҳим қисми ҳисобланади. Лойиҳа доирасида маҳаллалар, меҳнат жамоалари, автошоҳ бекатлари, темир йўл вокзаллари, бозорлар ва аҳоли гавжум ҳудудларида профилактик учрашувлар, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ва очиқ мулоқотлар ташкил этилиши режалаштирилган. Бу эса йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда профилактиканинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор кўрсатади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, йўлларда хавфсизликни таъминлаш фақат янги автомобиллар, кенг кўчалар ёки замонавий техник воситалар билан эмас, балки инсоннинг ички маданияти ва масъулияти билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Ҳайдовчи тезликни оширмаса, пиёда белгиланган жойдан йўлни кесиб ўтса, йўловчи хавфсизлик талабларига амал қилса, энг муҳими, ҳар ким бошқаларнинг ҳаётини ўз ҳаёти каби қадрласа, йўл-транспорт ҳодисалари сезиларли даражада камаяди.

Шу маънода, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан амалга оширилаётган мазкур ташаббус нафақат тарғибот тадбири, балки жамиятда ҳуқуқий маданиятни мустаҳкамлаш, фуқароларда қонунларга ҳурмат ва шахсий масъулият туйғусини кучайтиришга қаратилган муҳим ижтимоий лойиҳадир. Бу каби амалий ишлар давлат идоралари ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Бугун йўл маданияти деганда фақат ҳайдовчининг интизоми эмас, балки пиёданинг онгли ҳаракати, велосипедчининг қоидаларга амал қилиши, йўловчининг масъулияти ва ҳар бир фуқаронинг ўзгалар ҳаётига ҳурмат билан муносабатда бўлиши тушунилади. Бу — тараққий этган жамиятнинг энг муҳим белгиларидан биридир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири