Йўл инфратузилмасининг иқтисодий самаралари
Ҳар гал автомобилда узоқ йўлга сафарга чиққанимда бир ҳақиқатни англаб етаман: Йўллар қаердадир бошланиб, қаердадир тугамайди. Йўл ҳар бир ҳудуднинг имкониятларини бир-бирига боғлаб туради.
Йўлга қараб ҳудуднинг бугунини ҳам, эртасини ҳам тасаввур қилиш мумкин. Янги асфальтланган кўча — шунчаки ободлик белгиси эмас. У одамнинг манзилига тезроқ етиши, тадбиркорнинг маҳсулотини бозорга олиб чиқиши, боланинг мактабга, беморнинг шифохонага хавфсиз бориши, сайёҳнинг тарихий шаҳарга қулай етиб келиши демакдир. Шу маънода йўл масаласи ҳар доим сиёсат даражасидаги стратегик вазифа бўлиб қолади. Чунки яхши йўл қаердан ўтса, ўша ҳудуднинг иқтисодий имкониятлари ҳам кенгаяди.

Йўл қуриш — ҳудудни иқтисодий ҳаракатга келтириш демак
Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Бухоро вилояти Жондор туманидаги лойиҳа бунинг яққол мисоли. “Намгони” МФЙда 1,5 гектар майдонда замонавий қурилиш материаллари савдо ва ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил этилмоқда. Бир қарашда буни фақат тадбиркорлик лойиҳаси деб баҳолаш мумкин. Аммо унинг ишлаши учун йўл ҳам керак. Шу сабабли мажмуага олиб борувчи йўлларни реконструкция қилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳам параллел равишда олиб борилмоқда.

Бу ерда муҳим бир жиҳат бор: инфратузилма иқтисодиётнинг ортидан эмас, кўп ҳолларда унинг олдидан бориши керак. Мутахассиснинг таъкидлашича, йўл бўлмаса, янги корхона қурилиши, иш ўринлари яратилиши ёки инвестиция киритилиши кутилган самарани бермаслиги мумкин.
Асфальтланган ҳар бир километрнинг ортида қанчалик машаққат бор?
Сирдарё, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларидаги ишлар ҳам йўл таъмирининг оддий “қопламани янгилаш”дан анча катта вазифа эканини кўрсатади.

Ҳозирда Сардоба туманида Д063 автомобиль йўли таъмирланмоқда. Оқолтинда ҳам давлат аҳамиятидаги Д041 йўлининг 40–47 километрларида асфальт ётқизилмоқда. Фурқатда 40В064 автомобиль йўлининг 38–42 километрларида нуқсонлар бартараф этилмоқда. Бойсунда “Дарбанд–Мачай”, Сариосиёда эса “Тортули–Ғазарак–Эрман” йўлларида таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Бу рақамлар ортида эса жуда оддий, аммо аҳоли учун муҳим натижа турибди: камроқ вақт, хавфсизроқ ҳаракат ва камроқ транспорт харажати. Айниқса, Сариосиёда режалаштирилган 5 километрлик йўлнинг 2,5 километри аллақачон таъмирлангани, қолган қисмида ер ишлари олиб борилаётгани каби кўрсаткичлар йўл инфратузилмасини босқичма-босқич яхшилаш жараёнини кўрсатади.
Йўл бор жойда чегара ҳам яқинлашади
Наманган вилояти Косонсой туманидаги лойиҳанинг аҳамияти эса янада кенгроқ. Давлат аҳамиятидаги Д107 автомобиль йўлининг 29–37-километрларида 8 километрлик қисмда қатнов йўли кенгайтирилиб, асфальт ётқизилмоқда. Бу йўл “Косонсой” чегара божхона постига олиб боради. Демак, бу ерда йўлнинг сифати фақат маҳаллий аҳоли учун қулайлик эмас. У ташқи савдо, транспорт оқими ва Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар учун ҳам муҳим. Шу маънода йўл — ҳудудларни эмас, иқтисодиётларни боғлайдиган инфратузилма.

“Урганч – Хива”: масофа эмас, вақт қисқармоқда
Йўл инфратузилмасининг иқтисодий самарасини “Урганч – Хива” пулли автомобиль йўли мисолида янада аниқроқ кўриш мумкин. 35 километрлик янги автомобиль йўли, ер ости туннели, 8 та йўл ўтказгич, 15 та кўприк ва 106 та сув ўтказиш иншооти — бу оддий йўл қурилиши эмас, балки яхлит транспорт инфратузилмасини яратиш. Энг қизиқарли натижа эса вақтда намоён бўлади: аввал Урганчдан Хивага 45–50 дақиқада борилган бўлса, янги тўрт тасмали магистрал орқали бу кўрсаткич 15–17 дақиқагача қисқаради. Демак, йўл масофани ўзгартирмаслиги мумкин, аммо вақтни ўзгартиради. Замонавий иқтисодиётда эса вақт — энг қиммат ресурслардан бири. Суткасига 30 мингдан ортиқ транспорт воситасини қабул қилиш имкониятига эга бўлган магистралнинг туризм учун аҳамияти ҳам катта. Урганч аэропортидан Хивагача ҳаракатнинг тезлашиши сайёҳлар учун қулайлик яратади, Хиванинг туристик салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Пуллик йўл — янгилик, янги ёндашув
“Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири соҳадаги ёндашувларни ҳам ўзгартирмоқда. Ҳужжатда йўлларни илмий ҳисоб-китоблар асосида лойиҳалаш, қарорларнинг очиқлиги, ҳаракат хавфсизлиги, экологик талабларга риоя қилиш ва фуқароларнинг йўллардан тенг фойдаланиши каби принциплар белгилаб қўйилган. Пуллик йўлларни ташкил этиш имконияти ҳам шу тизимнинг бир қисми. Аммо бу ерда асосий шарт бор: пуллик трасса фақат унинг бепул муқобили мавжуд бўлган тақдирдагина ташкил этилади. Бу ёндашув муҳим саволни ўртага қўяди: йўл фақат қурилиши эмас, унинг сифати, хавфсизлиги, самарадорлиги ва кейинги эксплуатацияси ҳам иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида ташкил этилиши керак.

Айни дамда “Урганч – Хива” йўлида транспорт оқими ва тўловларни бошқаришнинг сунъий интеллектга асосланган рақамли тизимлар орқали амалга оширилиши эса соҳанинг рақамлашиб бораётганини кўрсатади.
Бугун ҳудудлардаги йўл таъмирига қараб, бу соҳадаги ишлар бир нуқта ёки бир вилоят билан чекланмаётганини кўриш мумкин. Бухорода янги ишлаб чиқариш мажмуаларига инфратузилма яратилмоқда. Сирдарёда маҳаллий ва давлат аҳамиятидаги йўллар таъмирланмоқда. Фарғона ва Сурхондарёда йўл қопламалари янгиланмоқда. Наманганда эса халқаро ҳаракат учун муҳим йўналиш кенгайтирилмоқда. Хоразмда эса туризм ва транспортни бирлаштирувчи замонавий магистрал ишга туширилган. Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида Д213 “Урганч–Хонқа–Ҳазорасп–Амударё дарёси А380” автомобиль йўлининг 84 километрлик қисмини реконструкция қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Буларнинг барчасини бир нуқтада бирлаштириш мумкин: йўл қурилиши — ободонлаштириш эмас, иқтисодий сиёсатнинг бир қисми. Чунки йўл бор жойга инвестиция кириши осонлашади. Маҳсулот бозорга тезроқ етиб боради. Туризм ривожланади. Қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги алоқа кучаяди. Янги иш ўринлари пайдо бўлади. Аҳолининг кундалик ҳаётида эса энг оддий, аммо жуда қадрли нарса — вақт тежалади.

Шунинг учун сифатли йўлни “асфальтланган кўча” деб эмас, тараққиётни ҳаракатга келтирадиган иқтисодий артерия деб қараш керак. Йўл қанчалик сифатли бўлса, имкониятлар ҳам шунчалик узоққа етиб боради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА