Йирик миқдордаги қонунбузарликлар юзасидан ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда
Энергетика ресурсларидан оқилона ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, электр ва ёқилғи-энергетика соҳасидаги назоратни кучайтириш мақсадида тизимли текширувлар давом эттирилмоқда.
Айниқса, бугунги кунда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ресурслардан ноқонуний ёки сифатсиз маҳсулотлар орқали фойдаланиш ҳолатларини бартараф этиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоевнинг маълум қилишича, ўтказилган навбатдаги назорат тадбирлари давомида энергетика соҳасида бир қатор қоидабузарликлар аниқланган.
Хусусан, Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида фуқаро Е.Б. га қарашли сув насослари ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб, ҳисобга олинмаган тарзда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ҳолат натижасида электр таъминоти корхонасига 4 миллиард 336 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Касби туманида “K.S.U.K.” фермер хўжалигига қарашли сув насослари ҳисоблагичдан ташқари тармоққа уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келгани маълум бўлган. Бу ҳолатда давлат манфаатларига 347 миллион сўмлик зарар етказилгани қайд этилди.
Бундан ташқари, Бухоро вилоятида ўтказилган назорат тадбирида “D. K.” МЧЖга қарашли шохобчасида дизель ёқилғиси лаборатория текширувидан ўтказилди. Унга кўра, дизель ёқилғиси давлат стандарт талабларига мос келмаслиги, яъни сифатсиз эканлиги аниқланди.
Ушбу қоидабузарлик бўйича реализация қилинган 8 920 литр дизель ёқилғиси учун 50 фоиз миқдорида, яъни 51,6 миллион сўм жарима қўлланилди. Шунингдек, қолдиқ ҳолда сақланаётган сифатсиз нефть маҳсулотларини сотувга чиқармаслик ҳамда уларнинг сифатини белгиланган тартибда тиклаш бўйича кўрсатма берилди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА
--0--