“Йил ўқитувчиси” танлови: 208 нафар педагог беллашади
Жорий йилнинг 28–30 июль кунлари мамлакатдаги энг нуфузли касбий танловлардан бири – “Йил ўқитувчиси” танловининг учинчи босқичи ўтказилади.
Унда республиканинг 208 та туман ва шаҳридан сараланган 416 нафар педагог ўз билим ва салоҳиятини намоён этади.
Танлов низомига мувофиқ, учинчи босқичда иштирокчилар нафақат касбий маҳорати, балки маънавий-маърифий фаолияти ва китобхонлик даражаси бўйича ҳам баҳоланади. Бу эса замонавий ўқитувчи нафақат ўз фанини пухта билиши, балки кенг дунёқараш, юксак маънавият ва бой мутолаа маданиятига эга бўлиши лозимлигини англатади.
Номзодлар 100 баллик тизим асосида икки йўналиш бўйича баҳоланади. Шундан 20 балл маънавий-маърифий фаолият учун берилади. Унда педагогнинг шахсий ривожланиши, ўз устида ишлаши, тарбиявий ишлари, синфдан ташқари фаолияти ҳамда ташаббуслари инобатга олинади.
Асосий баҳолаш эса китобхонлик бўйича тест синови орқали амалга оширилади. 80 баллик ушбу босқичда иштирокчиларга тасдиқланган адабиётлар асосида 40 та тест саволи берилади. Ҳар бир тўғри жавоб 2 балл билан баҳоланади.
Тавсия этилган адабиётлар рўйхатидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Таълим тўғрисида”ги ва “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунлар, Президент Шавкат Мирзиёевнинг асарлари, шунингдек, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Ойбек, Чўлпон, Ўткир Ҳошимов, Саид Аҳмад, Чингиз Айтматов, Жек Лондон, Пауло Коэльо каби адибларнинг машҳур асарлари ўрин олган.
Танловнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — ғолиблар учун белгиланган рағбатлантириш. Учинчи босқич якунида 208 нафар педагог ғолиб деб топилади ва уларнинг ҳар бири Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 1400 баравари, яъни 576 миллион 800 минг сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
“Йил ўқитувчиси” танлови мамлакатда педагог касбининг нуфузини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва ўз устида мунтазам ишлайдиган, юксак салоҳиятли устозларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётган муҳим лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА