Ёзёвонда янги бозор иш бошлади
Мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти Ёзёвон туманида замонавий деҳқон бозори фойдаланишга топширилди.
Мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти Ёзёвон туманида замонавий деҳқон бозори фойдаланишга топширилди.Мамлакатимизда янги савдо мажмуалари, бозорлар қуриш, мавжудларини кенгайтириш, сотувчи ва харидорларга янада қулай шароит яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 26 апрелдаги “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Бутунлай қайта реконструкция қилинган деҳқон бозорида гўшт, сут, балиқ маҳсулотлари павильонлари, озиқ-овқат, қуруқ мева, нон, ҳунармандлик буюмлари дўконлари ташкил этилди. Янги расталарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатини сақлаган ҳолда сотиш учун барча қулайлик яратилган.
– Сотувчилар учун ҳам, харидорлар учун ҳам зарур шароит бўлиши эътиборга олинган ҳолда барпо этилган бозор иш бошлаганидан туманимиз аҳли хурсанд, – дейди “Ёзёвон деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилмурод Эргашев. – Кенг, шинам, озода павильон ва дўконлар ёнғин хавфсизлиги, санитария-гигиена талабларига тўла жавоб беради. Аҳоли керакли маҳсулотларни кўркам, замонавий бозордан нисбатан арзон нархда, шунингдек, пластик карточкалар ёрдамида харид қилиши учун имконият яратилди.
Бозорнинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.