“Ясин”нинг мусаффо осмони (+видео)
Фарғона вилоятидаги айрим цемент заводларида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган чиқиндилар миқдори белгиланган меъёрлардан юқори экани аниқланган. Шу боис уларга “Ясин қурилиш моллари” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасининг экологик хавфсизликни таъминлаш борасидаги тажрибасини жорий этиш тавсия этилмоқда.
Бунинг ўзига хос сабаби бор. Корхона 2020 йилда иш бошлаган бўлса-да, фаолиятининг дастлабки босқичидаёқ атмосферага чиқариладиган чиқиндиларни камайтириш мақсадида қиймати 2 миллион долларлик юқори самарадорликка эга замонавий фильтр ускунаси ўрнатилди. Натижада ҳавога чиқарилаётган чиқиндилар ҳажми энг паст даражага туширилди. Энг муҳими, мазкур кўрсаткичлар Экологик тадқиқот маркази томонидан онлайн тарзда мунтазам назорат қилиб борилади.

Аслида “Ясин” цемент маҳсулотлари юқори сифатлилиги, қувват маркаси энг юксак кўрсаткичга эгалиги ва ниҳоят нархларидаги мунтазамлилик билан ажралиб туради. 2020 йилда йилига 800 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватлари ишга солинган эди. Лекин корхона бу билан чегараланмади. Иккинчи лойиҳа ҳам амалга оширилди.

– Хурматли Президентимиз томонидан инвесторларга яратиб берилган шароитни кўрган ҳамкорларимиз бу давлатга ишонч катта экан, деди ва иккинчи лойиҳани амалга оширди, – дейди “Фарғона Ясин цемент” корхонаси директори Эркинжон Маҳмудов. – У 1 миллион 200 минг тонна цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган эди. Шундай қилиб, бугунга келиб корхонанинг йиллик қуввати 2 миллион тоннага етди. Хитойлик ҳамкорларимиз киритган умумий инвестицияси 200 миллион доллардан ошди. Заводда 500 нафардан ортиқ бешариқлик ёшлар меҳнат қилмоқда.

Замонавий цемент заводининг 5 йиллик фаолияти шуни кўрсатдики, биринчидан, ички ва ташқи бозорга сифатли қурилиш маҳсулоти кириб келди. Иккинчидан, Бешариқнинг Тожикистон билан чегарадош қишлоқларидаги ёшлар учун 500 ишчи ўрни яратилди. Учинчидан, бу ерда маҳаллий ёшлар орасида юқори технологик жараённи бошқара оладиган малакали технолог ва муҳандислар қатлами шаклланди.

– Ўзбекистон яратилган инвестицион муҳит жиҳатидан энг қулай давлат бўлиб қолди, – дейди корхона ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Гао Сю Ли. – Биз 200 миллион доллар инвестиция киритдик. Чунки Ўзбекистон ва унинг Президенти юритаётган сиёсатга, иқтисодий ислоҳотларга ишонамиз. Ҳозирча 500 та иш ўрни яратилди. Аммо ҳали ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ниятимиз бор. “Ясин”ни қурилиш материаллари-цемент ишлаб чиқарувчи Ўзбекистоннинг энг пешқадам корхонасига айлантирамиз.

Бу режаларнинг амалга ошишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Зеро, корхонанинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш масалалари яқинда Ўзбекистон Президентининг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида ҳам муҳокама қилиниб, тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Умуман, “Ясин қурилиш моллари” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси доимо инновацион ечимларга таянади. Яқингача цемент пишириш печларидан ажралиб чиқадиган юқори ҳароратли иссиқлик ҳавога чиқарилар эди. Энди эса мазкур энергияни электр қувватига айлантириш имконини берадиган замонавий технология жорий этилмоқда. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, корхонанинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг қарийб учдан бир қисми аввал бекорга сарф бўлаётган иссиқлик энергияси ҳисобига қопланади.
Бу эса корхонада ресурс тежамкорлиги, энергия самарадорлиги ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган инновацион ёндашувлар изчил давом этаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
Дарҳақиқат, юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларида “Ясин” каби замонавий ва юқори технологияли корхоналарнинг муносиб ҳиссаси бор.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IXmZxAc-9Vc" title="“Yasin”ning musaffo osmoni" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (+видео), ЎзА