Яшнобод туманида криминоген вазият ва коррупциянинг олдини олиш ишлари қандай йўлга қўйилган?
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Яшнобод тумани кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенат аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Маҳаллий кенгаш доимий комиссиялари аъзолари ва депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Яшнобод туманида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати, шунингдек, жамоат хавфсизлиги ҳамда коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди.
Президент томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика, маиший коррупция ҳамда яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасида устувор вазифалар белгилаб берилгани қайд этилди.

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳам ушбу масалага алоҳида урғу берилиб, коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган жиддий таҳдид экани таъкидланди. 2026 йилда бу иллатга қарши курашиш бўйича “фавқулодда ҳолат” эълон қилинди.
Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, қўшма мажлисда туманда жиноятчилик ҳамда коррупциянинг олдини олиш, бозорларни рақамлаштириш, қурилиш соҳасида коррупцияга қарши курашиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи, туман прокурори ҳамда қатор ташкилотлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Амалга оширилган ижобий ишлар билан биргаликда йўл қўйилган камчиликлар таъкидланиб, давлат органлари ва ташкилотларига келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли вазифа ҳамда тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА