Яширин савдога чек қўйилди
Жиззах вилоятида аксиз маркалари билан белгиланмаган тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига чек қўйишга қаратилган навбатдаги тезкор тадбир давомида йирик ҳажмдаги маҳсулотлар аниқланди.
Жиззах вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Жиззах шаҳрида яшовчи фуқарога тегишли савдо дўкони, омборхона ҳамда яшаш хонадони қонунчиликда белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Текширувлар натижасида Ўзбекистон Республикаси акциз маркалари билан маркаланмаган, дастлабки баҳоси 121 миллион 300 минг сўмга тенг бўлган 60 турдаги жами 3064 қути тамаки маҳсулоти сақланаётгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат ноқонуний тамаки маҳсулотлари айланмасининг олдини олиш, ички бозорда қонуний савдо муҳитини таъминлаш ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган назорат тадбирларининг изчил давом этаётганини яна бир бор кўрсатмоқда.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири