Яширин иқтисодиётга йўл қўйилмайди
Бугунги кунда дунё мамлакатлари олдида турган энг жиддий муаммолардан бири бу яширин иқтисодиётдир. Чунки, у қонуний бизнес юритувчиларни нотенг рақобатга дучор қилади, жамиятда адолатсизлик ҳиссини кучайтиради.
Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада дастуруламал бўлмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 23 июнда Наманган вилоятига ташрифи чоғида, яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича муҳим топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, солиқ бошқармаси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан қўшма қарор қабул қилиниб, мазкур йўналишдаги ишларни мувофиқлаштирувчи штаб фаолияти йўлга қўйилди. Шунга мувофиқ, барча шаҳар ва туманларда ишчи гуруҳлари ташкил этилди.

– Охирги икки ярим йил якунлари билан мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ солиш базасини кенгайтириш, фойдаланилмаётган захираларни сафарбар қилиш орқали бюджетга 4 триллион 700 миллиард сўм қўшимча солиқлар ундирилди, – дейди Наманган вилояти прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Умирбек Мадраҳимов. – Биргина, 2026 йилнинг ўтган даврида нақдсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада кенгайтириш мақсадида 3,5 мингдан зиёд тўлов терминаллари, “QR” кодлар ўрнатилганлиги натижасида савдо тушуми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 триллион 400 миллиард сўмга ортди. Худди шундай, “конверт”да иш ҳақи тўлаш, норасмий бандликка қарши кўрилган чоралар самараси ўлароқ, 15 мингдан зиёд норасмий ишчилар легаллаштирилиб, бюджетга 30 миллиард сўмдан ортиқ тушум таъминланди.
Вилоят прокуратура ва солиқ идоралари томонидан фаолиятини тўхтатиб, амалда ишлаётган тадбиркорлар билан олиб борилган профилактик тадбирлар туфайли 1,5 мингдан ортиқ бизнес эгаларининг фаолияти тикланиб, 2 минг 500 янги иш ўрни яратилди. Вилоятда дастлаб кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 53 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган давр мобайнида амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида 12 фоизга қисқартирилиб, 41 фоизга тушишига эришилди.

Жумладан, рўйхатга олинган жисмоний шахслар номидаги юк ташувчи техникаларнинг ярми, яъни 34 минг 180 тадан 17 минг 500 таси тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан ишлаб келган. Ёки ўтган йили Қамчиқ довони орқали юк автомашиналари томонидан 788 минг маротаба 27,5 миллион тонна юк ташилган. Лекин уларнинг даромади тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаган. Бунинг оқибатида, жисмоний шахслар эгалигидаги 17,5 минг техникаларнинг йиллик 1,2 триллион сўмлик хизмат кўрсатиш ҳажми “соя”да қолган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, прокуратура назорати ўрнатилиб, “юк ҳамда йўловчи ташиш фаолиятини қонунийлаштириш ойлиги” ташкил этилиб, иккита йўналишда ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу профилактика орқали 9,5 мингдан зиёд транспорт воситаси эгаларининг фаолияти қонунийлаштирилиб, бюджетга салкам 10 миллиард сўм тушум таъминланди.

Мамлакатимизда 2030 йилгача яширин иқтисодиёт ҳажмини икки баробар қисқартиришдек стратегик мақсад қўйилган. Ушбу муҳим вазифалар ижросини таъминлашни анъанавий усуллар билан эмас, балки рақамлаштириш ва шаффофлик орқали амалга ошириш аҳамият касб этади. Айни шу боисдан ҳам масаланинг замонавий, рақамли ечими – “Яширин иқтисодиёт харитаси” платформаси жорий этилмоқда.
Мазкур платформа Наманган вилоятидаги яширин айланмалар билан боғлиқ “оғриқли нуқталар”ни инсон омилисиз аниқлаб, манзилли чора-тадбирларни белгилашга ёрдам бериш асносида ушбу йўналишдаги масъулларнинг фаолияти устидан прокурор назорати самарадорлигини оширади. Шу маънода, вилоят прокуратураси учун бу таҳлилий маълумотларни манзилли ва натижага йўналтирилган чора-тадбирларга айлантириш асосий устувор вазифалардан биридир.

Назоратнинг яхлит тизими шундай қурилади: агар муаммо туман ёки шаҳар даражасида ҳал этилмаса, масала вилоят босқичига, зарур ҳолларда республика даражасига олиб чиқилади. Шу тариқа нафақат яширин айланма ҳолатларини бартараф этиш, балки қонунчиликни такомиллаштириш ва бюджет даромадларини барқарор ошириш бўйича тизимли таклифлар ишлаб чиқилади.

Шуни қайд этиш керак, прокурор назоратининг пировард мақсади – жазолаш эмас, балки адолатли ва соғлом иқтисодий муҳит яратишга кўмаклашиш. “Қизил” тоифадаги ҳудуд ва соҳалар билан ишлашда чуқур таҳлилларга асосланиш орқали соҳадаги прокурор назоратини янги босқичга олиб чиқиш имконияти яратилди. Қонун доирасида, шаффоф ишлаётган тадбиркор тўлиқ ҳимоя қилинади ва унга тенг рақобат шароити кафолатланади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.