Яшилликни асраб-авайлаш инсониятнинг ҳам бурчи, ҳам мажбурияти
Табиат ва яшиллик инсон ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга. Дарахтлар, ўт-ўланлар ва ўрмонлар нафақат кислород манбаи, балки экологик мувозанатни сақлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Келгусида маҳаллаларда яшиллик даражасини оширишда ҳар бир одам учун 3 та дарахт, 30 фоиз дарахт сояси, 300 метр атрофида яшил ҳудуд бўлишини таъминлашни назарда тутувчи “3-30-300” халқаро стандарти жорий қилинади. Шунингдек, 2030 йилга қадар яшил боғлар ва яшил жамоат парклари сонини 1023 тага етказиш, 2026 йилда “Яшил макон” доирасида куз мавсумида 257 та яшил боғ ва яшил жамоат парклари яратиш, 2030 йилга қадар ҳар бир туман ва шаҳарда камида 5 тадан умумий узунлиги 10 кмдан кам бўлмаган сояли сайр кўчалари яратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари 2026 йил 1 октябрдан бошлаб республикада тозалик ва озодалик долзарб икки ойлиги ўтказилади. Бунда яшил ҳудудлар жойлашуви аниқланади, ерлар тайёрланади, кўчат ва буталар захираси яратилади.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йил 1 ноябрдан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмда, 2026 йил 5 ноябрдан Бухоро ва Навоий вилоятларида, 10 ноябрдан Андижон, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида, 20 ноябрдан эса Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида кўчат ва буталар экиш мавсуми бошланади. Қолаверса, 2027 йил 1 январдан “Яшил маҳалла” лойиҳаси доирасида “Маҳаллани яшиллаштириш” пакети жорий қилинади. Лойиҳа доирасида маҳаллаларга ўрмончи-мураббий ходим бириктирилади. “Маҳалла еттилиги” аъзолари ҳар экиш мавсуми олдидан ўқитилади.
Шу билан бирга, 2026 йил куз мавсумидан бошлаб ер майдони чекланган маҳаллаларда, кўп квартирали уйлар оралиғида, мактаб ва боғчалар ҳовлиларида маҳалла микроўрмонлари ташкил этилади. Бунда 200-1000 метр квадрат майдонда ҳар бир метр квадратга камида 2 та дарахт ва бута кўчатини зич экиш усули (қатламлаб) қўлланади. Ер ажратиш имконияти бўлмаган ёки бетон ва асфальт қопламали ҳудудларда жамоатчилик кичик боғлари ташкил этилади. Шу билан бирга, ботаника ва дендрология боғлари, ўрмон хўжаликлари, йирик яшил ҳудудлар ва ободонлаштириш бошқармалари ҳудудларида компостлаш ва мулчалаш тизими йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, аҳолининг яшил боғларни яратиш бўйича талаб ва таклифларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2027 йил 1 январдан “Яшил лот” тизими жорий қилинади. Бунда мавжуд ер участкалари жисмоний ва юридик шахсларга яшил боғ барпо этиш учун берилади. Бунда ажратилган ҳудуд мулк сифатида ўтказилмайди, қурилиш қилиш ва бошқа фаолият турлари тақиқланади. Қолаверса, 2028 йил 1 сентябрга қадар иқлим шароитидан келиб чиқиб, республика ҳар бир ҳудудининг иқлимий-географик зоналарига мос дарахт ва бута кўчатларини етиштиришга ихтисослашган 1 тадан “ин-витро” лабораториялари ташкил этилади. Лабораторияларда сувсизлик, шўрланиш, юқори ҳарорат, касалликларга чидамли ва қум-чанг кўчишининг олдини олишга хизмат қилувчи дарахт ва бута турлари кўпайтирилади. Барча ҳудудларда замонавий кўчатхона ва кўчат савдоси бўйича ташриф марказлари ташкил этилади.
Мутахассисларнинг фикрича, аслида, яшилликни асраб-авайлаш инсониятнинг фақат бурчи эмас, балки мажбурияти ҳамдир. Ҳар биримиз табиатга меҳр кўрсатиб, яшил муҳитни сақлашга ҳисса қўшишимиз шарт. Чунки яшиллик табиатнинг юраги бўлиб, инсониятнинг экологик хавфсизлигини таъминлайди. Дарахтлар ҳавони тозалайди, карбонат ангидридни ютиб, ўзидан кислород ажратиб чиқаради. Шунингдек, улар тупроқни эрозиядан сақлайди, сув ресурсларини барқарорлаштиради ва ернинг биологик хилма-хиллигини қўллаб-қувватлайди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА