“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида нима ўзгарди? (+видео)
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 млн туп кўчат ўтқазиш белгилаб олинган бўлиб, шундан баҳорги мавсумда 125 млн ва кузги мавсумда 75 млн туп мевали ва манзарали кўчат экиб келинаётган эди.
Эндиликда баҳор ойларида 75 млн, куз ойларида 125 млн туп кўчат ўтқазиш мўлжалланмоқда. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида шу ва бошқа ўзгаришлар ҳақида Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги бош мутахассиси Шоҳжаҳон Омонов билан суҳбатлашдик.
- Жорий йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида нима ишлар амалга оширилди ва қандай ўзгаришлар бор?
- “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси 2021 йил бошланган бўлса шу давр мобайнида 1 млрд туп кўчат экилди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиб бориш ва республикада яшиллик даражасини 2030 йилга қадар 30 фоизга етказиш вазифаси ижросини таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Респyбликаси Президенти ҳузурида 2025 йил 26 сентябрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишда дарахтларни кузда экишни кўпайтириш зарурлиги ҳамда жорий йил куз мавсумида 125 млн туп, 2026 йил баҳорда яна 75 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экиш топширилган.
Жорий йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида республика ҳудудларида жами 266 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экилди ёки прогнозга нисбатан бажарилиши 106 фоизни ташкил этди. Жумладан, баҳор мавсумида 137 млн туп ҳамда куз мавсумида 129 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экилди, республиканинг яшиллик даражаси 14.3 фоизга етказилди.
Маҳаллалар ҳудуди ва аҳоли томорқалари атрофларига жами 48 млн туп, атроф-муҳитга таъсир хавфи юқори бўлган 1 541 та саноат корхоналари атрофида жами 3 894 гектар майдонда 11 млн туп дарахт ва бута кўчатларлари ўтқазилиши таъминланди.
“Менинг боғим” лойиҳаси доирасида аҳоли ташаббуслари асосида 2025 йилда ғолиб бўлган 155 та туман ва шаҳарларда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари” ташкил этиш бўйича якуний ишлар амалга оширилмоқда.
Республиканинг туман ва шаҳарларида жами 475 км узунликдаги “Сояли сайр кўчалари” ва 378 км узунликдаги “Соғломлаштириш йўлаклари” тармоқлари ташкил этилиб, жами 545 минг туп дарахт кўчатлари экилди.
Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Астрономия парки” барпо этилди ҳамда Тошкент ва Қибрай туманлари ҳудудидаги 78 гектар майдонда “Дендрология боғи”ни ташкил этиш лойиҳасини биринчи босқич ишлари якунланди.
Чирчиқ дарёсига туташ ҳудудда 181 гектар майдонда, Ядро физика институти ва унга туташ 250 гектар ҳудудда “Дендрология боғи” ҳамда Сергели тумани “Хонободтепа” МФЙда 81 гектарда “Ботаника боғи”ни келгуси йилда ташкил этиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилди.
- Кўчатларни парвариш қилиш ва сақлаш, унинг ҳисобини юритиш борасида қандай тизимли ишлар йўлга қўйилди?
- Кўчат сони, тури, экилган локацияси, кўчат эккан шахс ва парваришлашга масъул шахс тўғрисидаги маълумотлар “yashilmakon.eco” электрон платформасида ҳисобга олиниб, юкланаётган маълумотларни автоматик таҳлил қилиш учун мазкур платформага сунъий интеллект технологиялари қўлланилмоқда.
Тошкент шаҳри ҳудудидаги жами 858 минг туп дарахтлар паспортлаштирилди ҳамда “яшил макон” ва green.tashkent.uz электрон платформаларига маълумотлари жойлаштирилди.
Кўчат экиш бўйича назорат тадбирларини сифатли олиб бориш мақсадида 544 нафар ходим жалб қилиниб, улар 484 та планшет, 11 та учувчисиз учиш қурилмалари билан таъминланди.
31 та туман (шаҳар) атрофида жумладан, Нукус, Бухоро ва Урганч шаҳарлари чегарасида 40 км, шунингдек, Термиз шаҳри ва Термиз туманида 47 гектар майдонда Афғон шамоли ва унинг қум-чанг бўронларига қарши “яшил белбоғ”лар барпо этилди.
Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида жорий йил жами 253 минг гектар майдонда, шу жумладан, 115 минг гектар Орол денгизининг қуриган туби ва 134.
6 минг гектар Оролбўйи ҳудудларида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди.
Чўлланишга қарши курашиш борасида сувсизликка чидамли, шўр ерларда ўсишга мослашган галофит ўсимликларини илмий усулда етиштириш мақсадида жорий йилда Арнасой, Нукус, Қоракўл, Муборак ва Кармана туманларида жами 49 гектар майдонда галофит боғлари ташкил этилди.
Ушбу лойиҳалар Хитой чўлланишга қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорлик маркази ва Шинжон экология ва география институти билан ҳамкорликда Хитой тажрибаси асосида амалга оширилиб, 35 турдаги 1.3 тонна галофит ўсимликларининг уруғлари Хитой давлатидан олиб келинди.
Хитойлик олимлар билан биргаликда Қораўзак, Шофиркон, Конимех ўрмон хўжаликларида 3 та чўл ўсимликларининг уруғ ва кўчатчилик базаси ҳамда 10 та галофит ва ксерофит боғлари ташкил этиш ишлари бошланди.
Идоралараро ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирлари давомида жами 15 млн тупдан ортиқ кўчатлар амалда экилмагани барвақт аниқланиб, ҳисоботларга қўшиб ёзилишининг олди олинди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-0srdbDwPaw" title="“Yashil makon” umummilliy loyihasida nima o‘zgardi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА