“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси — амалда
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Мазкур лойиҳа экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли учун соғлом ва қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Ушбу ташаббус доирасида “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, корхона ҳудудида Ёшлар боғи ташкил этилиб, унда 35 ёшгача бўлган комбинат ёшлари фаол иштирок этди. Амалга оширилган тадбирлар давомида 300 туп дарахт кўчатлари экилди. Шу билан бирга, яқин истиқболда қўшимча равишда 50 минг туп кўчат экиш режалаштирилган бўлиб, мазкур ишлар босқичма-босқич давом эттирилади.

Муҳими, экиш учун танланаётган кўчатлар ҳудуднинг иқлим шароити, тупроқ таркиби ҳамда экологик хусусиятлари асосида пухта сараланмоқда. Бу эса яшил майдонлар ҳажмини кенгайтириш билан бирга, ҳудудда экологик мувозанатни сақлаш, ҳавонинг тозалигини ошириш ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан уйғун муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Тадбир доирасида “Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви раиси – бош директор Баҳодир Абдуллаев ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Суҳбат давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар бериб, уларга батафсил жавоб олди. Мазкур мулоқот ёшлар билан ишлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва корхона ривожида фаол иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.
Мутахассислар таъкидлашича, “Ўзметкомбинат” АЖда экологик масъулият устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган бўлиб, кўкаламзорлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ҳар бир экилган ниҳол ҳудудда тоза муҳит яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, барқарор ривожланишнинг мустаҳкам пойдеворини шакллантиради.

Мазкур саъй-ҳаракатлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг эзгу мақсадларини амалда рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА