“Яшил макон”: маҳалла боғи ташкил этилди
Азалдан халқимиз мевали ва манзарали боғ яратишни олий иш сифатида қадрлаб келади. Бугунги кунда эса, ниҳолни меҳр билан парваришлаш, атрофни кўкаламзор қилиш одати ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эса, бутун юрт бўйлаб эзгу ташаббусга айланди.
Айни кунларда Бухоро вилояти Қоракўл туманида ҳам кўчат экиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Маҳаллаларнинг қиёфасини ўзгартириш, экологик муҳитни яхшилаш ва яшил ҳудудлар барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Туманнинг Чандиробод маҳалласида 22 гектарлик майдон тўлиқ тозаланди, тайёрланди ва “Маҳалла боғи” ташкил этиш учун кўчат экиш бошланиб, катта ҳажмдаги амалий ишлар амалга оширилди.

Олдин ташландиқ, қаровсиз бўлиб ётган мазкур майдон аввал бегона ўтлардан тозаланди, ер чуқур шудгор қилинди, керакли минерал ўғитлар билан бойитилди. Йиллар давомида фойдаланилмаган бўш ер бугун ҳақиқий боғ яратиш учун тайёр ҳолга келтирилди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Жалол Арашов, туман ҳокими Хуршид Тохиров, туман ИИБ бошлиғи Шаҳоб Ҳайитов, маҳалла фаоллари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

– Кўчат экиб боғ яратиш, табиатни асраб-авайлаш халқимизнинг минг йиллардан бери давом этиб келаётган қадриятидир. Аждодларимиз янги туғилган фарзандга атаб, унинг исми билан дарахт қадаб қўйган. Фарзанд ҳам, дарахт ҳам бирга камол топган. Биз ҳам шу анъанани давом эттириб, бугунги авлодга яшил, соғлом ва обод муҳит қолдиришимиз керак, – дейди туман ҳокими Хуршид Тохиров.


Жорий йилда Қоракўл туманида 1 миллион 228 минг дона мевали ва манзарали кўчат ўтқазиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда ушбу режа 70 фоиздан ошди. Бугун “Маҳалла боғи” барпо этилиши ҳудуднинг янада кўркам бўлиши, яшил ҳудудлар сонининг ортиши ва экологик барқарорликнинг мустаҳкамланишига ҳам сезиларли ҳисса қўшади.

– Бугун ёшларга боғ яратиш сирларини ўргатиб, кўчат экишда бирга қатнашаётганимиз жуда қувончли. Кун келиб шу экилаётган ниҳоллар соясида қишлоқдошларимиз дам олиб, бизни дуо қилишади, – дейди меҳнат фахрийси Меҳмонқул Авезов.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.