Яшил келажак сари: Чиқиндиларни самарали бошқариш тизимидаги ислоҳотлар
Бугунги кунда дунё миқёсида экологик муаммолар тобора кескинлашиб бормоқда. Айниқса, аҳоли сонининг ўсиши, шаҳарлашув жараёнларининг тезлашиши ва истеъмол маданиятининг ўзгариши оқибатида чиқиндилар ҳажми кескин ортиб бормоқда. Бу эса атроф-муҳит ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, инсон саломатлиги ва табиий мувозанат учун жиддий хавф туғдирмоқда.
Шу нуқтаи назардан, чиқиндиларни тўғри ва самарали бошқариш масаласи ҳар бир давлатнинг экологик сиёсатида муҳим ўрин эгаллайди. Чиқиндиларни тўғри йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва зарарсизлантириш нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки иқтисодий ресурсларни тежаш ва янги қиймат яратиш имконини ҳам беради.
Чиқиндиларни бошқариш тизимининг самарали йўлга қўйилиши орқали полигонларга тушадиган юклама камаяди, қайта ишлаш саноати ривожланади ҳамда “яшил иқтисодиёт” тамойиллари мустаҳкамланади. Шу билан бирга, аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш ҳам бу жараённинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Хўш, бу борада ҳудудларда қандай ишлар қилинмоқда?
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, сўнгги йилларда санитар тозалаш хизматлари қамрови кенгайиб, молиявий кўрсаткичлар яхшиланган. Инфратузилмани мустаҳкамлаш мақсадида махсус техникалар ва контейнерлар харид қилиниб, ҳудудларга етказиб берилган.
Маҳаллалар кесимида санитар тозалаш хизмати қамров даражаси 88 фоизга етказилган. Соҳадаги ислоҳотлар натижасида дебитор қарздорлик 9 фоизга қисқарган. 2023 йилга нисбатан тўловлар 3 баробарга ошган. Йиллик тушум 1,5 триллион сўмга етган. Натижада инфратузилма яхшиланишига эришилди.
Бугунга қадар 132 та чиқинди полигони атрофи кўкаламзорлаштирилди. 391 минг дона кўчат экилиб, “яшил белбоғ”лар ташкил этилди. 61 та полигонда 34,1 км ички йўллар таъмирланди, 47 та полигон фаолияти тўхтатилди. 13 та ҳудудда 208,2 гектар экосаноат зонаси ҳудудлари белгиланди. 7 та ҳудудда вилоят ҳокимларининг қарорлари билан 102,4 гектар Агентлик тасарруфига ўтказиб берилди.
Жорий йилда 300 та махсус техника, 80 та мотороллер, 600 та контейнер санитар тозалаш корхоналарига лизинг шартлари асосида етказиб берилиши кўзда тутилган. Ушбу техникалар билан қўшимча 125 та маҳаллага қамров таъминланиб, натижада қамров даражаси маҳалла кесимида 90 фоизга етказилади. 18 та полигон рекультивация қилинади. 2026 йилда полигонлар 65 тага, яъни 32,6 фоизга ҳамда 2030 йилда 50 фоизга қисқартирилади.
28 та қайта юклаш станцияси қурилади. Уларда йилига 5 миллион тонна (33,3%) чиқинди қабул қилинади. Бунда полигонга бормаслиги натижасида 15–20 фоиз техникаларнинг логистика харажатлари камаяди. 1,5 миллион тонна чиқиндилар сараланиб, қайта ишлаш учун юборилади, 90 минг тонна қолган чиқиндилар ёқиб, энергия олинади, 3,4 миллион тонна полигонга жойлаштирилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА