Яқин Шарқдаги уруш кимга фойда келтиряпти?
Эрон атрофидаги уруш ва Ҳурмуз бўғозидаги инқироз жаҳон иқтисодиётига кучли зарба бермоқда. Нефть нархи ошиб, миллионлаб оила ва бизнес харажат босими остида қолган бир пайт, айрим йирик компаниялар рекорд даражада фойда кўрмоқда. Айниқса, нефть-газ гигантлари.
Айниқса, нефть-газ гигантлари. Масалан, BP йил бошида фойдасини икки баробардан кўпроқ ошириб, 3,2 миллиард доллар ишлади. “Shell” эса биринчи чоракда 6,9 миллиард доллар даромад қилди. “Total Energies” фойдаси ҳам кескин ўсиб, 5,4 миллиард долларга етди. Бу компаниялар нефть бозоридаги кескин тебранишдан беҳисоб даромад олмоқда.
Уруш молия секторини ҳам жонлантирди. “JP Morgan Chase” савдо амалиётидан 11,6 миллиард долларлик тушум қайд этди. Инвесторлар хавфли активдан чиқиб, хавфсиз бозорга ўтаётгани йирик банклар учун кенг имконият яратди. “Goldman Sachs” ва “Morgan Stanley” каби молиявий гигантлар ҳам юқори даромад кўрмоқда. Можародан энг тез фойда кўраётган соҳалардан яна бири — мудофаа саноати. “BAE Systems”, “Lockheed Martin” ва “Northrop Grumman” каби қурол ишлаб чиқарувчилар буюртма миқдори кескин ошганини билдирган. Европа ва АҚШда ҳукуматлар ҳаво мудофааси, дронга қарши тизим ва янги қурол-яроқ учун сарф-харажатни кўпайтирмоқда.
Уруш қайта тикланувчи энергия соҳасига ҳам туртки берди. “Next Era Energy” акцияси йил бошидан буён 17 фоиз қимматлашди. “Vestas” ва “Orsted” каби шамол энергетикаси корхоналари ҳам фойда миқдори кўпайганини маълум қилди. Мутахассислар фикрича, нефть инқирози давлатлар ва истеъмолчиларни муқобил энергия манбаларига тезроқ ўтишга мажбур қилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА