Японияда ўзбекистонлик ёш тадбиркорлар учун ўқув курслари ташкил этилади
Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ амалий ташриф билан Японияда бўлиб қайтди.
Ташриф доирасидаги учрашувларнинг асосий қисми ёшлар тадбиркорлиги ва стартапларни халқаро даражада қўллаб-қувватлашга қаратилди. Музокараларда иштирок этган Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Ферузбек Аблаёров айнан ушбу йўналишларда муҳим келишувларга эришди.

Хусусан, “Янги авлод тадбиркорлари” дастури доирасида Японияда ўзбекистонлик ёш тадбиркорлар учун ўқув курсларини ташкил этиш, JICA ташкилоти билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ёшларни “бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида қўллаб-қувваташ ҳамда Япония олийгоҳларида ўқитиш имкониятини берувчи JDS дастурини бошқа соҳадаги ёшлар учун ҳам жорий этиш муҳокама қилинди.

Ёшлар етакчилари ва маҳалла раислари учун Японияда малака ошириш дастурини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон ва Япония ёшлар алмашинуви дастурларини кенгайтириш, шунингдек, Япониянинг ёш тадбиркорлар палатаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – Япония ёшлари форуми”ни ўтказиш бўйича келишиб олинди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, ушбу амалий қадамлар ва инновацион ёндашувлар ўзбекистонлик ёшларнинг халқаро бозорга чиқиши ҳамда глобал бизнес лойиҳаларида ўз ўрнини топишида муҳим кўприк бўлиб хизмат қилади.

Гулноза Бобоева,
ЎзА