Японияда ишламоқчи бўлганлар учун янги имкониятлар яратилади
Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган Тошкент вилояти фуқароларини касбга тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилиши мумкин. Бу борада вилоят ҳокими З.Мирзаев Япониянинг “Onodera Group” корпорацияси вакиллари билан қатор таклифларни муҳокама қилди.
Мулоқотда хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни махсус дастурлар асосида касбга тайёрлаш ҳамда кейинчалик Японияга ишга юбориш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Таклифга кўра, номзодлар белгиланган дастурлар асосида ўқув курсларида таълим олади. Ўқиш даврида компания уларни бепул овқат ва турар жой билан таъминлайди. Шунингдек, виза расмийлаштириш, Японияда ишга жойлаштириш ва яшаш жойи билан боғлиқ масалаларни ҳам ўз зиммасига олади.

Томонлар ҳайдовчилик йўналишида малакали кадрлар тайёрлаш истиқболларини ҳам муҳокама қилди. Шу мақсадда Япониядан 17 та компания вакилларининг Тошкент вилоятига ташрифи кутилмоқда. Айниқса, бунда Ўзбекистон ва Япониядаги йўл ҳаракати қоидалари, транспорт воситаларини бошқариш тартиби ҳамда йўл белгиларидаги фарқларни инобатга олган ҳолда, вилоятда япон тажрибаси асосида автодром барпо этиш масаласини ҳам кўриб чиқилди. Компания вакиллари ушбу лойиҳани амалга оширишда кўмаклашиш таклифини билдирди.
Шунингдек, автодром ҳудудида ҳайдовчилар тайёрлайдиган коллеж ташкил этиш, вилоятдаги автобус ҳайдовчиларини эса уч ой муддатга Японияга малака ошириш учун юбориш таклифлари илгари сурилди. Режага кўра, Японияда йўл ҳаракати қоидалари ва транспорт бошқаруви бўйича тажриба орттирган мутахассислар кейинчалик маҳаллий таълим муассасаларида бўлажак ҳайдовчиларга сабоқ беради.

Таклиф этилаётган таълим муассасасида йилига 200 нафаргача талабани тайёрлаш имкониятини яратиш режалаштирилган.

Учрашув якунида бошқа йўналишлар бўйича ҳам фуқароларни хорижда ишлашга тайёрлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш ва халқаро меҳнат бозорига йўналтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
А. Мусаев, ЎзА