Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди
Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Транспорт вазирлигида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги делегацияси билан муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти Ёшикава Ёшифуми, транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдуғафаров ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳаларининг жорий ҳолати, уларнинг бажарилиш суръатлари ҳамда келгусидаги устувор вазифаларни атрофлича муҳокама қилди.

Хусусан, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи тоннель қурилиши, Самарқанд вилоятида 37 километр автомобиль йўли ва 4 та кўприкни реконструкция қилиш, шунингдек, Андижон вилоятида 45 километр йўлни реконструкция қилиш лойиҳалари муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири бўлди.
Томонлар мазкур лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик барқарорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаб, энг мақбул муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш муҳимлигини қайд этди.
Учрашувда лойиҳалар доирасидаги амалий ишларни янада жадаллаштириш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Шунингдек, йўл хўжалиги соҳаси мутахассисларининг илмий ва амалий салоҳиятини ошириш мақсадида Япония тажрибасини ўрганиш, грант маблағлари асосида малака ошириш дастурларини ташкил этиш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.
Айниқса, тоннель ва автомагистралларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда эксплуатация қилиш соҳасида Япониянинг илғор тажрибасини ўрганиш учун ўзаро тажриба алмашиш ва малака ошириш курсларини йўлга қўйиш ташаббуси билдирилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги транспорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни изчил давом эттириш ва янги истиқболли йўналишларни белгилаб олиш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА