Япония сармояси иштирокида истиқболли лойиҳалар
Қурилиш соҳасида катта тажрибага эга бўлган Япониянинг “Kabushiki Kaisha IMI Corporation” компанияси бош директори Икеда Масато ҳамда кунчиқар ўлкага хорижлик мутахассис ва ишчиларни жалб қилувчи “Ajibiz Recruiting” компанияси раҳбари Таку Хияне бошчилигидаги делегация Наманган вилоятида бўлди.
Шарқий осиёлик меҳмонлар ҳамда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ўртасидаги учрашувда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ва кадрлар тайёрлаш соҳасида қатор истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.

Жумладан, олий таълим муассасалари битирувчиларини Японияда иш билан таъминлаш механизмлари жорий этилади. Бу маҳаллий кадрларни халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош қилади. Кунчиқар юрт тажрибаси асосида янги турдаги касбий ўқув масканлари очилади. Унда юқори малакали кадрлар тайёрланиб, битирувчилар чет элда иш билан таъминланади.
Мулоқот якунида, лойиҳаларни қўллаб-қувватланиб, уларни амалга ошириш жараёнида амалий ёрдам кўрсатилиши таъкидланди. Қолаверса, ҳудудда хорижий инвесторлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилиши алоҳида қайд этилди.

Ушбу ташаббуслар нафақат инвестиция муҳитини яхшилаш, балки янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.