Япония ҳарбий стратегиясини ўзгартирмоқда
Япония Мудофаа вазирлиги 2027 молия йили учун 8,9 триллион иена (55,6 миллиард доллар) миқдорида мудофаа бюджети сўради. Бу жорий йилги миқдордан бироз кўп. Шунингдек, Бош вазир Санаэ Такаичи ҳукумати янги хавфсизлик ва мудофаа стратегиясини қабул қилгач, мудофаа харажати янада ошиши кутиляпти.
Япония замонавий таҳдидга мослашиш мақсадида дрон, сунъий интеллект ва янги ҳарбий технологиядан кенгроқ фойдаланишни режалаштирмоқда. Украинадаги урушда дрондан фойдаланиш тажрибаси ҳам инобатга олиняпти. Мудофаа вазирлиги арзон ва учувчисиз қуролни маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ҳужумкор дронни узоқ масофали ракета билан бирга қўллашни кўзлаяпти. Бу инсон йўқотишини камайтириш, мамлакатнинг мудофаа ҳамда қарши зарба бериш салоҳиятини кучайтиришга қаратилган.
Шунингдек, Япония сув усти ва сув ости майдонидан учириладиган учувчисиз қурилмалар ҳамда сув ости кемаларидан кўтариладиган гипер товушли ракета ишлаб чиқишга эътибор қаратмоқда. Зеро, бошқарувчисиз тизимдан фойдаланиш мамлакатдаги ҳарбий хизматчилар танқислигини қисман қоплашга ҳам хизмат қилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА