Япония армияда СИ роботларидан фойдаланмоқчи
Япония ҳукумати ва ҳукмрон партиядаги манбалар маълум қилишича, мудофаа тизимида кадрлар етишмовчилиги муаммосини ҳал этиш мақсадида мамлакат жисмоний ва сунъий интеллект билан жиҳозланган гуманоид роботлардан фойдаланишни режалаштирган.
Махсус сенсор ва камера орқали тўпланган маълумотни таҳлил қилиб, турли вазифани мустақил бажариш қобилиятига эга бундай роботлар ҳарбий базани қўриқлаш ҳамда логистика каби жанговар бўлмаган соҳаларда қўлланиши кўзда тутилган. Бу жонли иш кучига эҳтиёжни сезиларли даражада камайтиради. Қолаверса, манбалар роботларни бевосита жанговар ҳаракатга жалб этиш ғоясига салбий муносабат билдирган.
Мудофаа вазирлиги Харид, технология ва логистика агентлиги айни йўналишда тадқиқот бошлаб, хусусий компания ҳамда университетлар ўртасида робот имкониятини намойиш этувчи танлов ўтказишни режалаштирган. Келажакда бундай технологиядан қидирув-қутқарув ва разведка ишида ҳам фойдаланилади.
Мудофаа вазирлиги мулозимлари СИ чекланган ҳарбий хизматчи ўрнини босишда самарали восита бўлишини таъкидламоқда. Фақат технология дўстни душмандан ёки оддий аҳолини ҳарбийдан ажрата олмаслик хавфи сабаб, роботдан жанг майдонида фойдаланишга эҳтиёткорлик билан ёндашилмоқда. Ҳукмрон Либерал-демократик партия вакиллари ҳам умум башарий қоида йўқлиги ва қуролланган гуманоид роботни жангда қўллаш режаси тузилмаганини билдирган.
Япония ҳукумати йил охирида мудофаа ҳужжатларини қайта кўриб чиқади. Мақсад – СИни мамлакат мудофаа қобилиятини оширишнинг асосий омили сифатида белгилаш. Келаси молия йили учун ажратиладиган бюджетда СИни бошқарув тизимига интеграция қилиш ҳамда фазовий маълумотни таҳлил қилиб, ракетани йўналтиришга ёрдам берувчи “тактик сунъий интеллект сунъий йўлдоши”ни синовдан ўтказиш кўзда тутилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА