Янгиариқдаги янги корхоналар
Давлатимиз раҳбарининг яқинда Самарқанд вилоятига ташрифи давомида туман ва шаҳарларда юздан ортиқ янги лойиҳалар ишга туширилди, қурилиш ишлари бошланди.
Ишга туширилган шундай лойиҳалардан бири “NKB Xolding” компанияси таъсисчиси А.Қаюмов ташаббуси билан Самарқанд тумани Янгиариқ маҳалласида ташкил этилган газоблок ишлаб чиқариш заводидир.

Хитойнинг HONGFA компанияси технологиялари асосида замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қаратилган, қиймати 21 миллион доллар бўлган лойиҳа уч йил давомида босқичма-босқич амалга оширилди.
Йилига 420 минг куб метр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада дастлаб 150 та янги иш ўрни яратилди. Завод тўлиқ қувватга чиққач, доимий иш ўринлари 300 тага етади, шунингдек, 200 киши мавсумий иш билан таъминланади.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 25 фоизи экспорт қилиниши режалаштирилган бўлиб, асосий экспорт йўналишлари сифатида Тожикистон ва Афғонистон давлатлари белгиланган.
Янгиариқда тадбиркор томонидан яна бир йирик лойиҳа – оҳак ишлаб чиқариш заводи ҳам ташкил этилмоқда. Ушбу лойиҳа газоблок ишлаб чиқариш билан узвий боғлиқ бўлиб, хом ашё занжирини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

2023 йилда бошланган лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларини ташкил этади ва уни жорий йилнинг иккинчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.
Завод йилига 70 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, кунлик ишлаб чиқариш ҳажми 200 тоннани ташкил этади. Маҳсулотнинг 40 фоизи экспортга йўналтирилади. Замонавий технологиялар билан жиҳозланаётган корхонада 30 та янги иш ўрни яратилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири