Янги йил арафасида ҳосил байрами нишонланди
Янги йил арафасида Гулистон туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган фермер ва деҳқонлар, соҳа мутахассислари шарафига бағишланган анъанавий ҳосил байрами тантанали равишда нишонланди. “Малика” тантаналар саройида ташкил этилган тадбир кўтаринки кайфият ва байрамона руҳда ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан Гулистон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев йиғилганларни касб байрами ва якунланаётган йил муносабати билан табриклаб, заҳматкаш деҳқон ва фермерларнинг меҳнати туфайли туманда қишлоқ хўжалигида барқарор натижаларга эришилаётганини таъкидлади. Шунингдек, жорий йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳамда келгуси йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.

Байрам тадбирига туманнинг сўнгги ўн беш йиллик ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшган собиқ ҳокимлар таклиф этилди. Бу, албатта, тадбирга алоҳида кўтаринкилик бахш этди. Улар томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида фидокорона меҳнат қилиб келаётган илғор фермерлар, мутахассислар ва томорқа эгаларига эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар топширилди.

Тантанали маросим давомида соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшган фермер хўжаликлари, деҳқон ва томорқа эгалари “Илғор фермер” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари, қимматбаҳо совғалар ҳамда саёҳат учун ваучерлар билан тақдирланишди.
Тадбирнинг бадиий қисмида таниқли хонанда Дилшод Раҳмонов, шунингдек, туман маданият муассасаларининг ижодкорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар байрам шукуҳини янада оширди.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири