Янги ва замонавий имкониятлар...
Мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити шаклланди, хорижий инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар ва имтиёзларнинг кенг тизими жорий этилди.
Инвесторлар учун имтиёз ва преференциялар тақдим этиш, шунингдек, чет эл сармояси иштирокидаги корхоналар фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган қарорлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бу айнан юртимизда инвесторларга бўлган имконият ва имтиёзлар кўламини оширишга хизмат қилмоқда ва мамлакатимизда инвесторлик фаолиятини олиб борувчи шахсларга кенг имконият эшикларини очаётир десак, муболаға бўлмайди.
Биргина Давлат хизматлари марказларида олиб борилаётган чора-тадбирлар бугунги кунда юртимизда инвесторлик фаолиятини бошламоқчи бўлган шахслар учун кўпгина қулайликларни келтириб чиқармоқда. Вилоятлар бўйлаб, Давлат хизматлари марказлари бинолари янгидан қурилмоқда, уларда инвесторлар учун махсус хоналар ташкил этиляпти. Инвесторларга ўз бизнесини бошлаб олиши учун зарур маслаҳатлар ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жараёни йўлга қўйилмоқда.
Хусусан, Хоразм вилоятининг барча Давлат хизматлари марказларида инвесторлар хонаси ташкил этилган бўлиб, унда хорижий тадбиркорлар учун барча керакли маълумотлар тахт қилиб қўйилган.
Бизга маълумки, илгари тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи, бирор фирма ёки корхона очмоқчи бўлган шахс ҳужжат тўғрилаш жараёнида сарсон-саргардон бўларди. Нотариус, архив ёки кадастр идорасидан, газ, электр, сув таъминоти ташкилотидан оддий бир маълумотнома олиш учун ҳам баъзан кун бўйи навбатда туришга тўғри келарди.
Эндиликда Давлат хизматлари марказида тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун бор-йўғи 30 дақиқа сарфланиб, барча вазифалар электрон тарзда амалга оширилади. Тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратилаётганлиги уларнинг сафини янада кенгайишига замин яратмоқда. Хусусан, Хоразм вилояти Давлат хизматлари маркази томонидан жорий йил қарийб 12 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган.
Бундан ташқари, тадбиркорлар учун янада қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-тамойилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Давлат хизматлари марказларида жисмоний шахсларга фақатгина «Е-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукционда иштирок этиш мақсадида бепул асосда фойдаланиш имконини берувчи интернет тармоғига уланган компьютер воситалари билан жиҳозланган махсус хоналар ҳам тайёрлаб қўйилган. Уларда исталган фуқаро ўзларининг электрон имзолари орқали онлайн-аукционда иштирок этишлари мумкин.
Албатта, одамларнинг мушкулини осон қиладиган, замонавий технологияларга асосланган бу тизим халқимизга катта қулайлик яратмоқда. Зеро, бизнинг мақсадимиз қулай, шаффоф, халққа яқин хизматлар кўрсатишдир.
Шаҳноза Яқубова, Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилояти
бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар
шўбаси етакчи маслаҳатчиси