Янги тизим ўз самарасини берди
Энди фуқаролар ер ва мол-мулк солиқларини солиқ идорасига бориб навбатда туриб амалга оширишлари шарт эмас.
Жиззах вилоятида жорий йилнинг май ойидан бошлаб ер ва мол-мулк солиқлари «Солиқларни ақлли йиғиш тизими» дастурий қурилмаси орқали йиғилмоқда. Ҳудудий солиқ инспекторлари 70 та САЙТ қурилмаси орқали фуқаролардан солиқ тўловларини нақд пул ёки пластик карта орқали қабул қилаётир.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати маълум қилишича, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маҳаллий дастури доирасида ушбу янги электрон тизим ишга тушган вақтдан шу кунга қадар давлат бюджетига жами 2 миллиард 790 миллион сўм солиқ тўловлари ундирилди.
Энди фуқаролар ер ва мол-мулк солиқларини солиқ идорасига бориб навбатда туриб амалга оширишлари шарт эмас. Ҳудудий солиқ инспектори қўл остидаги ақлли қурилма ёрдамида бу ишни хонадоннинг ўзида, нақд пул ёки пластик карточка орқали амалга ошириши мумкин.
Қурилмасида навигация тизими орқали қарздор солиқ тўловчининг аниқ манзилига йўналтириш дастурининг мавжудлиги ва дастурий тизимнинг ишлаши жараёнида давлат солиқ хизмати ходимининг кунлик амалга оширган операциялари назорати мавжудлиги янги асосда тўлов САЙТ – солиқни ақлли йиғиш тизимининг ҳар томонлама афзаллигини кўрсатди.