Янги тайинланган ёшлар етакчилари учун ўқув машғулотлари давом этмоқда
Маҳаллабай ишлаш тизимини ривожлантириш ва ёшлар билан ишлаш самарадорлигини оширишда ёшлар етакчиларининг билим ва малакаси муҳим пойдевор ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари учун ташкил этилаётган тизимли ўқув машғулотлари ва республика семинарлари давом этмоқда.
Мазкур ўқув курслари етакчиларнинг соҳага оид янги қонунчилик ҳужжатлари, рақамли платформалар билан ишлаш ҳамда ёшлар муаммоларини тизимли ҳал этиш бўйича касбий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Тошкент шаҳрида янги тайинланган ёшлар етакчилари учун навбатдаги ўқув машғулотлари бўлиб ўтди.

"Маҳаллабай" тизимида ишлаш, ёшлар сиёсатига оид янги фармон ва қарорлар мазмун-моҳиятини англаш ҳамда рақамли платформалар билан самарали ишлаш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ташкил этилган машғулотлар давомида иштирокчилар замонавий бошқарув ёндашувлари, ёшлар билан ишлаш методикаси, лойиҳаларни самарали амалга ошириш ҳамда жамоатчилик билан самарали мулоқот бўйича зарур билим ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлаб бормоқда.
Қайд этилганидек, мазкур ўқувлар ёшлар етакчиларининг касбий салоҳиятини ошириш, фаолият самарадорлигини юксалтириш ҳамда маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш сифатини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Г.Бобоева, ЎзА