Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови
2023 йил 30 апрель – янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси референдум орқали қабул қилинган кун
Бундан роппа-роса уч йил аввал, 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.
Бу ҳақда ЎзА мухбири Конституциявий комиссия раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов билан суҳбатлашди.

– Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳисобланади. Конституциявий ислоҳотнинг асосий ташаббускори эса мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламидир.
Маълумки, 2021 йилги Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнида барча номзодларнинг электорат вакиллари билан учрашувлари чоғида ҳаётий талабдан келиб чиққан ва мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган муҳим таклиф илгари сурилди. Бу – конституциявий ислоҳотни амалга ошириш.
Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 6 ноябрдаги нутқида конституциявий ислоҳотнинг назарий асоси сифатида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси белгилаб берилди. Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида ҳам конституциявий ислоҳотга алоҳида бир фасл бағишланган.
Ҳақиқатан ҳам, ҳуқуқий давлатда Конституция билан жамият ривожи ўртасида узилиш бўлмаслиги керак. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда 2022 - 2023 йилларда амалга оширилган конституциявий ислоҳот – Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тақозосига айланди.
Олий Мажлис Сенати кенгаши ва Қонунчилик палатаси кенгашининг 2022 йил 20 май куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди. Ўзбекистон Президенти томонидан Конституциявий комиссия фаолиятининг учта босқичи аниқ белгилаб берилди.
Шу асосда Конституциявий комиссия конституциявий ислоҳотнинг 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдумгача бўлган барча ташкилий-ҳуқуқий тадбирларида бош-қош бўлди. Давлатимиз раҳбари уқтирганидек, “конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади”.
Бу ҳақда сўз борганда, Конституциянинг 9-моддасида: “Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумхалқ овозига – референдумга қўйилади. Ўзбекистон Республикасида референдум ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади”, деган норма мустаҳкамланганини таъкидлаш ўринли.
Асосий қонуннинг “Конституцияни ўзгартириш тартиби” номли олтинчи бўлими айни масалага оид иккита моддадан ташкил топган. Жумладан, 154 - модданинг биринчи бандига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган конституциявий қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилади”. Мазкур норма Бош қомусимизнинг эски матнида 127-моддада қайд этилганини ҳам айтиб ўтиш лозим.
– Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси бўйича референдум қандай ташкил этилди?
– Даставвал, 2023 йил 9 - 10 март кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарор қабул қилинди.
Депутатлар томонидан қарор юзасидан Конституциявий суд хулосасини олиш тўғрисидаги масала ҳам қўллаб-қувватланди. Бинобарин, 2023 йил 13 март куни мазкур қарорнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги иш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қарори қабул қилинди. Конституциявий суд қарори Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенатига юборилди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, конституциявий қонун лойиҳаси 2023 йил 14 март куни Сенатда кўриб чиқилди. Мажлисда, таъкидланганидек, конституциявий ислоҳот мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган туб ўзгаришларнинг узвий қисми бўлиб, уларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратади ҳамда Асосий қонунни жамиятдаги бугунги реал воқеликка ва шиддатли ислоҳотлар мантиғига мослаштиради.
Муҳокамалар натижасида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарор қабул қилинди. Унга кўра, референдум 2023 йил 30 апрель кунига тайинланди. Шу асосда мамлакатимизда тарихий референдум ўтказилди.
Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига кўра, референдумда овоз берувчиларнинг 84,51 фоизи иштирок этгани инобатга олиниб, 30 апрель куни ўтказилган референдум қонунга мувофиқ ҳақиқий, деб топилди.
Эътибор беринг: янги таҳрирдаги Конституциядаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонун матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси 7 турдаги назарий ва амалий, илмий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Айниқса, илмий муассаса ва таълим ташкилотлари янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси юзасидан таклифлар киритиш борасида алоҳида пешқадамлик кўрсатди. Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот жараёнида БМТ ва унинг тегишли тузилмалари ҳам фаол ҳамкорлик қилди.
Халқаро ҳамжамият Ўзбекистон конституциявий ислоҳотнинг ўзига хос моделини яратиш учун бетакрор тажриба тўплаганини эътироф этди. Асосийси, мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳот юқори баҳоланиб, бу борада Ўзбекистоннинг тутган йўли тўлиқ қўллаб-қувватланди.
– Ўтган уч йилда янги таҳрирдаги Конституция нормаларини ҳаётга татбиқ этиш йўлида қандай ишлар амалга оширилди?
– Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитга мос ҳолда йўлга қўйиш борасида изчил ҳамда тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Чунки Конституция ва қонун устунлиги барқарор тараққиётнинг асосий мезони ҳисобланади.
Бу ҳақда сўз борганда, биринчи навбатда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли навбатдаги китобини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки давлатимиз раҳбари ушбу салмоқли сиёсий асарида халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан Асосий қонунда ўз аксини топган тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқариш ва уларни ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантириш бўйича амалга ошириладиган бир қатор асосий чора-тадбирлар ҳақида батафсил тўхталган.
Айни чоғда, Ўзбекистон Президентининг дастурий маъруза ва нутқлари ҳамда фармон ва қарорлари, миллий тараққиёт стратегиялари ва давлат дастурларида янги таҳрирдаги Конституция нормаларини мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига изчиллик билан жорий этишнинг туб сиёсий-назарий моҳияти, ташкилий-амалий механизмлари чуқур очиб берилган.
2023 йил 8 майда давлатимиз раҳбарининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда белгиланганидек, янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади.
Фармон асосида ўнлаб қонун ва қонуности ҳужжатлари янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияга мувофиқлаштирилди. Ушбу фармон билан “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.
Президентимиз 2023 йил 7 ноябрда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармонини ҳам имзолади. Фармон билан давлат раҳбарининг 10 та фармони ва 4 та қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга ошириш, маҳаллий кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Президенти 2024 йил 2 февралда “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни қабул қилди.
2024 йил 19 февралда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Шу асосда бир қатор қонунларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган мутлақ ваколатларини ҳамда парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилишини, қонунчилик таклифларини илгари суриш тартиби ва қонунларни қабул қилишнинг янги тартиби амалдаги қонунчиликда белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари, 2024 йил 17 октябрда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатлари ҳокимларнинг ҳамда халқ депутатлари кенгашларининг ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан тўлдирилди.
Президентимиз таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадри, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, 2025 йилда аҳоли жон бошига даромад 3,5 минг долларни ташкил этди, мактабгача таълимда қамров 78 фоиз, олий таълимда эса 42 фоизга етди. Аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси 73,8 ёшдан 75,1 ёшга узайди.
Конституцияга асосан давлат зиммасига юклатилган ижтимоий мажбуриятларни бажариш ҳамда юртимизда ижтимоий давлат барпо этиш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 1 миллион нафардан зиёд фуқаро камбағалликдан чиқарилди, камбағаллик даражаси 6,6 фоизга туширилди.
Иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, халқимиз учун муносиб турмуш даражасини таъминлаш, мустаҳкам ҳуқуқий тизим ва очиқ жамият барпо этиш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотлар дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда. Жумладан, 2025 йилда Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида Ўзбекистон 19 поғона юқори кўтарилиб, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида энг жадал ривожланаётган мамлакат сифатида қайд этилди.
Глобал инновация индексида юртимиз Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бўйича кучли учликдан жой олди. “S&P”, “Fitch” ва “Moodyʼs” каби нуфузли халқаро агентликлар томонидан Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги оширилди. Нуфузли халқаро анжуман – ЮНЕСКО Бош конференцияси сўнгги 40 йил давомида биринчи марта Париждан ташқарида, яъни Самарқандда муваффақиятли ўтказилди.
Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистон ҳаётининг турли соҳаларида изчил давом этаётган кенг кўламли, қамровдор ва шиддатли ислоҳотлар натижаларини мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциянинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Ўзбекистон Президенти эътироф этганидек, “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”.
ЎзА мухбири Н.Абдураимова суҳбатлашди