Янги Ўзбекистоннинг энг катта ишончи ва таянчи
Бугун юртимиздаги минглаб мактаблар ва лицейларда сўнгги қўнғироқлар чалиниб, битирув тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Мана шундай тадбирлардан бири пойтахтимиздаги Ўзбекистон Республикси Миллий гвардияси Ҳарбий мусиқа академик лицейида ҳам бўлди.

“Юксак маърифатли авлод — Учинчи Ренессанс пойдевори!” шиори остида ўтказилган мазкур байрам тадбири юқори савияда ташкил этилди. Уни Ҳарбий мусиқа академик лицейининг директори Равшан Ниғматов кириш сўзи билан очиб, битирувчиларга оқ йўл тилади, келажакда нуфузли олий ўқув юртларида ўқишга киришлари, шунингдек, давлатимизга муносиб хизмат қиладиган содиқ фарзандлар, етук мутахассис ва ҳарбий хизматчилар бўлиб етишишларига ишонч билдирди.


Шундан сўнг, лицей битирувчилари тайёрлаган концерт дастури намойиш этилиб, унда ўз она тилимизда, шунингдек, бошқа тилларда куй-қўшиқлар ижро этилди.


Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, шоир, "Шуҳрат" медали соҳиби Туроб Ниёз сўз олиб, лицей битирувчилари ва устозларини ушбу қувончли кун билан чин дилдан қутлади ва уларга ўзининг янги шеъларидан ўқиб берди, китобларидан совға қилди.

Тадбир якунида аъло баҳоларга ўқиб, жамоат ишларида ўзини кўрсатган, фаол битирувчиларнинг ота-оналарига лицей раҳбарияти томонидан фахрий ёрлиқлар топширилди.
"Албатта, бугунги битирувчи – эртанги муҳандис, шифокор, олим, шоир ва адиб, тадбиркор дегани. Бугунги битирувчи – Учинчи Ренессанс бунёдкори дегани. Сизлар Янги Ўзбекистоннинг энг катта ишончи ва таянчисиз..."
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактабларини битираётган ўғил-қизларга бугун йўллаган табригидаги ушбу сўзлар албатта ёшларимизга куч- ғайрат ва шижоат бағишлайди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА