Янги Ўзбекистонда фаровон оила модели: миллий тажриба, илмий таҳлил ва инновацион ёндашувлар
Халқаро оила куни муносабати билан мамлакатимизда жорий йилнинг май ойида “Оиламиз – келажагимиз” ойлиги муваффақиятли ўтказилмоқда.
Мазкур ойлик доирасида Тошкент шаҳрида “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан “Янги Ўзбекистонда фаровон оила модели: миллий тажриба, илмий таҳлил ва инновацион ёндашувлар” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Конференциянинг асосий мақсади Янги Ўзбекистонда оила институтининг барқарор ривожланишини таъминлаш, замонавий ҳуқуқий-институционал механизмлар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятлари асосида фаровон оила моделининг илмий-назарий ҳамда амалий асосларини такомиллаштиришдан иборат.
Анжуманда глобал трансформация жараёнларида миллий оилавий қадриятларни сақлаш ва мустаҳкамлаш, демографик барқарорликни таъминлаш, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш ҳамда гендер тенглиги ва оила–иш мувозанатини қўллаб-қувватлашга қаратилган инновацион ёндашувларни илмий мулоқот майдонида бирлаштириш кўзда тутилди.
[gallery-29500]
Мазкур нуфузли анжуман илм-фан, давлат бошқаруви ва халқаро тажрибалар интеграцияси орқали инсон капитали ривожида оиланинг стратегик аҳамиятини очиб бериш, шунингдек, замонавий жамиятда фаровон оила моделини шакллантиришга хизмат қилувчи илмий ечимлар ва амалий таклифларни ишлаб чиқишга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлди.
Конференцияда 10 дан ортиқ хорижий экспертлар, 80 дан зиёд оила соҳасида фаолият юритаётган олимлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди. Шунингдек, 20 нафар миллий ҳамда 12 нафар хорижий ва халқаро ташкилотлар эксперт ва мутахассислари ўз маъруза ва тақдимотлари билан қатнашди.
Тадбирда мамлакатимиз ва халқаро ташкилотлар вакиллари “Оила институтининг барқарор ривожланиши ва фаровон оила моделини шакллантиришнинг ҳуқуқий-институционал асослари”, “Глобаллашув шароитида оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда фаровон оилани таъминлашда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектга асосланган ёндашувлар”, “Демографик барқарорликни таъминлаш ва репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш масалалари” ҳамда “Оилада гендер тенглигини таъминлаш ва оила–иш мувозанатини қўллаб-қувватлаш механизмлари” мавзуларидаги сессияларда долзарб масалаларни атрофлича таҳлил қилди.
Айтиш керакки, “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан жорий йилнинг март-апрель ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 12 минг 697 нафар респондент ўртасида оилаларнинг бахтлилик даражасини ўрганиш мақсадида социологик сўровлар ўтказилди.
Сўровларда оилаларнинг иқтисодий фаровонлик даражаси, демографик барқарорлик ҳолати, соғлом ҳаёт кечириш давомийлиги, таълим олиш имкониятлари, иш билан таъминланганлик даражаси, оилавий ҳаётдан қониқиш ва бахтлиликни ҳис қилиш даражаси, оилавий қадриятларнинг ўрни ва аҳамияти, шунингдек, давлат органлари фаолияти ҳамда давлат хизматларидан қониқиш даражаси ўрганилди.
Тадқиқот натижаларига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон оилаларининг умумий бахтлилик индекси 0,618 баллни ташкил этди. Баҳолаш мезонларига мувофиқ, мазкур кўрсаткич оилаларнинг бахтлилик даражаси юқори эканини намоён этмоқда.
Конференция доирасида хорижий ва маҳаллий экспертлар, олимлар ҳамда соҳа мутахассисларининг мақолалари жамланиб, тўплам шакллантирилди.
Конференция якунида фаровон оила моделини ривожлантиришга оид илмий резолюция, стратегик таклифлар ва келгуси тадқиқотлар учун устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари