Янги Ўзбекистонда бунёдкорлик анъаналари
Ўзбекистонда бунёдкорлик анъаналари асрлар оша ривожланиб, замонавий шаҳарсозлик ва инфратузилма лойиҳаларида ўз аксини топмоқда. Соҳибқирон Амир Темур даврида ҳам шаҳарсозлик анча ривожланган – маданий ва диний иншоотлар, боғ ва дам олиш масканлари барпо этилган. Бу мерос бугунги кунда ҳам тарихий меъморчилик йўналиши сифатида авлодларга етказилмоқда.
Орадан асрлар ўтиб, 20 асрнинг иккинчи ярмида бу анъаналар янги мазмун билан бойиди. Ўша даврда пойтахт ва вилоятларда саноат ва маданий объектлар қурилиши, йирик иншоотлар — Тошкент телеминораси, метро, Халқлар дўстлиги саройи — мамлакатнинг меъморий ривожланишига асос бўлди.
Кейинчалик йирик маъмурий бинолар, маданий ва спорт иншоотлари, йўллар ва кўприклар қурилиши бошланди. Автомобиль заводи, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона, Ўзбекистон халқаро форумлар саройи ва “Бунёдкор” стадиони фойдаланишга топширилди.
Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” ғоялари мамлакатда бунёдкорликни янги босқичга олиб чиқди. 2017 йилдан буён қурилиш соҳасида мисли кўрилмаган суръатда ишлар олиб борилмоқда. Янги турар жой массивлари, йирик мажмуалар, замонавий аэропортлар, илм-фан ва маданий марказлар қурилиши мамлакат инфратузилмасини барқарор ривожлантирмоқда.
2025–2026 йилларда Ўзбекистонда қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар мамлакат инфратузилмасини замонавий стандартларга мувофиқ ривожлантиришга қаратилган. Жорий йилда республика бўйича 53 та шаҳар ва шаҳарчаларнинг бош режалари ҳамда 108 та қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Шунингдек, 11 та шаҳарнинг бош режаси ва 22 та туризм ҳудудининг мастер режалари якунланмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳоли турмуш сифати, шаҳар ҳамда қишлоқ инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, шунингдек, соҳага рақамли ечимларни жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
— 2025 йил қурилиш соҳаси учун кенг кўламли ислоҳотлар, аниқ мақсадлар ва сезиларли натижалар йили бўлди. Асосий эътибор шаҳарсозликни тизимли ривожлантириш, уй-жой қурилишини жадаллаштириш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш ҳамда соҳага рақамли ечимларни кенг жорий этишга қаратилди, — дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов. —Жорий йилда 53 та шаҳар ва шаҳарчалар ҳамда 108 та қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режалари ишлаб чиқилди. Шунингдек, 11 та шаҳар бош режаси ва 22 та туризм ҳудудининг мастер-режалари якунланиш арафасида. Бу ҳужжатлар ҳудудларнинг узоқ муддатли ривожланишини таъминлайди. 2025 йил Давлат дастури доирасида республика бўйича 135 минг хонадондан иборат уй-жойлар қурилиши белгиланди. Хусусан, 56 та “Янги Ўзбекистон” массивларида 28 минг 219 та хонадонли 543 та уй барпо этилмоқда. Шу билан бирга, талаб юқори бўлган ҳудудларда 106 минг 781 та хонадондан иборат 2 минг 18 та кўп қаватли уйларни қуриб, фойдаланишга топшириш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Сифат ва хавфсизлик масаласи энг муҳим йўналишлардан бири. Шу боис, қурилиш объектлари лойиҳалари “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали экспертизадан ўтказилмоқда. Жорий йилда қарийб 26 мингта объект лойиҳаси кўриб чиқилиб, натижада 9,7 триллион сўм маблағ тежалди. Бу нафақат иқтисодий самара, балки лойиҳалар сифатини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Қурилиш соҳасида электрон тендер тизимини жорий этиш орқали очиқлик таъминланмоқда. “Шаффоф қурилиш” платформаси орқали 17 минг 759 та объект бўйича онлайн тендерлар ўтказилиб, 823 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинди. Бу давлат маблағларидан самарали фойдаланиш имконини берди. Инвестиция дастури доирасида жорий йилда 352 та мактаб, 165 та боғча ва 2 та ижод ҳамда ихтисослашган мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди.

Бу аҳолининг таълим инфратузилмасига бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилган муҳим қадам. Қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг йирик иш берувчиларидан бири ҳисобланади. 2025 йилда соҳа доирасида 168 мингта янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, лойиҳа ва пудрат ташкилотларига лицензия ва аккредитация гувоҳномалари бериш орқали соғлом рақобат муҳити яратилмоқда. Рақамлаштириш соҳада тизимли бошқарувни таъминлайди. Давлат шаҳарсозлик геоахборот тизими, “Рақамли эгизаклар”, “Шаффоф қурилиш”, “Улуш киритиш асосида уй-жой қуриш 2.0” каби платформалар қурилиш жараёнларини тўлиқ назорат қилиш имконини бермоқда.
Қайд этиш жоиз, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари томонидан 6 турдаги давлат хизматлари бўйича жами 353 мингдан ортиқ объектга оид аризалар кўриб чиқилди. Шунингдек, техник тартибга солиш тизимини такомиллаштириш мақсадида 160 та техник-норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилди.
Асосий эътибор аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, инфратузилмани янгилаш ва барқарор ишлашни таъминлашга қаратилди. Бу борада ичимлик суви, оқова сув, иссиқлик таъминоти ҳамда кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш йўналишларида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Тоза ичимлик суви ва барқарор оқова сув тизими аҳоли саломатлиги ва ҳаёт сифати учун жуда муҳим. 2025 йилда давлат ижтимоий буюртмалари асосида оғир шароитдаги олис ҳудудларда 231 километр ичимлик суви тармоқлари тортилди, 14 та иншоотда қурилиш-монтаж ишлари якунланди.
Умуман олганда, амалга оширилган ишлар ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва барқарор инфратузилмани шакллантиришга мустаҳкам замин яратмоқда.
Бош режалар Давлат шаҳарсозлик геоахборот тизимига “рақамли эгизаклар” шаклида жойлаштирилди ва унга 567 та шаҳарсозлик ҳужжатлари юкланди.

Жорий йил дастури доирасида республика бўйича 135 минг хонадондан иборат уй-жойлар қурилиши белгиланган. “Янги Ўзбекистон” массивларида 56 та объектда 28 минг 219 хонадон ва 543 та уй қурилди. Талаб юқори бўлган ҳудудларда эса 106 минг 781 хонадондан иборат 2 минг 18 та уй фойдаланишга топширилмоқда.
Қурилиш соҳасида техник меъёрлаш ва стандартлаштириш соҳасида 160 та норматив ва 114 та миллий стандарт ишлаб чиқилди. Улар халқаро ва Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқлиги таҳлил қилинди.
“Шаффоф қурилиш” платформаси орқали қарийб 26 мингта объект лойиҳаси экспертизадан ўтказилди ва 9,7 триллион сўм маблағ тежалди. Онлайн тендерлар орқали 17 минг 759 та объектда 823 миллиард сўм иқтисод қилинди. Ҳозирда электрон платформага 18,6 мингта қурилиш-пудрат ташкилотлари ва 2 мингта лойиҳа ташкилотлари киритилган.
Иссиқлик таъминотида 60 та лойиҳа доирасида 142 км тармоқ ва 62 та иситиш қозонлари ўрнатилди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун юзлаб қозон ва минглаб километр тармоқларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Коммунал хизматлар учун тўловлар ягона шахсий ҳисоб-варақ орқали амалга оширилмоқда. “Менинг ҳудудим” платформаси орқали мурожаат юбориш ва назорат қилиш имкони яратилди. “Яшил макон” дастури доирасида республика бўйича 234 минг дарахт ва бута кўчатлари ҳамда 213 минг узум кўчатлари экилди. Бу аҳоли учун қулай яшаш муҳити ва экологик муҳитни яхшилашга хизмат қилмоқда.
Темурийлар давридан то Янги Ўзбекистонгача бунёдкорлик анъаналари замонавий технологиялар ва инновацион ёндашувлар билан уйғунлашди. Қурилиш ва шаҳарсозликдаги амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат инфратузилмани модернизация қилади, балки аҳоли турмуш тарзи сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишни таъминлайди. Барча жараёнлар шаффофлик, рақамлаштириш ва самарали бошқарув принциплари асосида олиб борилмоқда, бу эса барқарор ва замонавий Ўзбекистонни шакллантиришга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА