Янги Ўзбекистон: янги онг, янги келажак
Таклиф
“Янги Ўзбекистон куни”ни умумхалқ байрами сифатида нишонлаш — миллий бирликни мустаҳкамлаш ва келажак авлодни руҳлантиришга хизмат қиладиган ташаббус.
Ҳар бир давлатнинг келажаги нафақат унинг бугунги ютуқлари, балки халқининг миллий онги, билим даражаси ва умумий мақсадлар йўлидаги бирлиги билан ҳам белгиланади. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигига эришиши халқимизга ўз келажагини ўзи белгилаш, миллий қадриятларини ривожлантириш ҳамда халқаро майдонда ўз ўрнини мустаҳкамлаш имкониятини берди.
Бугун Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар давлатнинг иқтисодий қудратини ошириш, аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш, ёшларга кенг имкониятлар яратиш каби муҳим йўналишларни қамраб олмоқда. Ушбу ўзгаришларнинг асосий мақсади инсон қадрини улуғлаш ва халқнинг фаровон ҳаётини таъминлашдир.
Янги Ўзбекистон билимли, мустақил фикрлайдиган, миллий қадриятларини қадрлайдиган ва жамият олдидаги масъулиятини ҳис этадиган инсонлар жамиятидир. Шу боис ёш авлодни тарбиялаш, уларга сифатли таълим бериш, илм-фанга қизиқишини ошириш ва ўз истеъдодларини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш мамлакат келажаги учун алоҳида аҳамиятга эга.
Шу нуқтаи назардан, “Янги Ўзбекистон куни”ни умумхалқ байрами сифатида нишонлашни таклиф этаман. Ушбу ташаббус миллий бирликни мустаҳкамлаш, халқимизнинг мамлакатимиз тараққиётига бўлган ишончини ошириш ҳамда ёш авлодни янги ютуқлар сари руҳлантиришга хизмат қилади.
Бундай байрам доирасида робототехника ва сунъий интеллект кўргазмалари, инновацион стартап лойиҳалари танловлари, IT-хакатонлар, халқаро илмий конференциялар ҳамда ёш тадқиқотчилар форумларини ўтказиш мумкин. Ёшларнинг янги ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий-техник салоҳиятини рўёбга чиқариш ва замонавий технологиялар соҳасидаги ютуқларини намойиш этишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Шу билан бирга, миллий мерос фестиваллари, тарихий масканларга саёҳатлар, ички туризм йўналишлари, китобхонлик танловлари ва маданий тадбирларни ташкил этиш байрам мазмунини янада бойитади. Маҳаллаларни ободонлаштириш, дарахт экиш ва жамият учун фойдали ташаббусларни амалга ошириш орқали ёшларда фуқаролик масъулияти ҳамда Ватанга муҳаббат туйғуларини кучайтириш мумкин.
Янги Ўзбекистон — янги ғоялар, дадил қадамлар ва улкан мақсадлар мамлакати! Унинг келажаги билимли, изланувчан, янгилик яратишга интиладиган ва Ватан равнақига ўз ҳиссасини қўшадиган авлод қўлидадир. “Янги Ўзбекистон куни”ни умумхалқ байрами сифатида нишонлаш ҳақидаги ушбу таклифимиз ҳам халқимизни умумий мақсадлар йўлида бирлаштириш, ёшларни янги ютуқлар сари руҳлантириш ҳамда ёрқин келажакка бўлган ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.
Халмурат Есемуратов,
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Аниқ фанлар педагогика олий мактаби деканининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари
ЎзА