Янги Ўзбекистон ‒ янги имкониятлар мамлакати
Бугуни кечагисидан яхшироқ, бахтлироқ, саодатлироқ бўлиш истаги инсонда келажакка умид, ишонч ҳиссини уйғотади.
Айниқса, юртда бўлаётган улкан бунёдкорлик, янги ислоҳотлар — Янги Ўзбекистон эртасининг нурафшонлиги муждасидир. Бундай юртда яшаш саодат ва бу Ватанга муносиб фарзанд бўлиш — масъулият. Мен мамлакатимизда бўлаётган иқтисодий, сиёсий ва маънавий соҳаларда амалга оширилаётган ишларни кўриб беихтиёр шундай ўйларга бораман.
Мамлакатимиз тарихида давлатчилик пойдевори ҳамма даврда адолатли сиёсат, инсоний қадриятлар асосига қуришга қаратилган бўлса-да, турли сабаб ва оқибатлар боис бу ислоҳотлар тўла амалга оширилмаган. Шарқнинг улуғ мутафаккирларидан Абу Наср Форобийга кўра, оқилона давлат тузуми ҳамда инсоният жамияти ҳақида билдирилган фикрларида маънавий етук, маърифатли, таълим ва тарбия кўрган, ноёб инсоний фазилатларга эга бўлганларгина давлат ва жамият ривожига ҳисса қўша олиши мумкин, деган фикрларини англаш мумкин.
Туркий адабиётнинг илк ёзма бадиий достони “Қутадғу билиг”да Юсуф Хос Ҳожиб адолатли давлат қуриш ва уни одил бошқариш ҳамда ҳукмдор оқиллиги ҳақида қимматли мулоҳазалар келтирган. Ота-боболаримиз орзусидаги жамият фаровонлигини, ҳеч шубҳасиз бугунги иқтисодий, ижтимоий ва маънавий соҳаларда рўёбга чиқаётгани кишини қувонтиради. Ёш авлоднинг билимли, кенг дунёқарашли шахс бўлиб етишилари учун замин яратилган нафақат илм-фан, балки спорт ва турли касб-ҳунар соҳаларида ўз натижаларини бермоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига жавоб берар экан, янги жамиятнинг ўз истиқболли йўли ҳақида тўхталиб: “Мустақил тараққиёт борасида эришган улкан ютуқлар билан бирга, йўлимиз айрим хато ва камчиликлардан ҳам холи бўлмаганини очиқ айтиш лозим. Мустабид тузумдан воз кечиб, демократик жамият барпо этишга қаратилган жараёнлар, мураккаб ва таҳликали даврнинг ўзи турли муаммо ва вазифаларни олдимизга кўндаланг қўйди. Уларни муваффақиятли ҳал этиш учун билим ва тажрибамиз, ирода ва қатъиятимиз баъзан етса, баъзида етмаган ҳолатлар ҳам бўлди.
Шу боис мамлакатимиз тараққиётини янги, юксак босқичга кўтариш, бунинг учун янги ислоҳотларни амалга ошириш объектив зарурат, энг муҳим стратегик вазифага айланди”, деб бунинг заруратини аниқ кўрсатиб бердилар.
Мамлакатимизда 2021 йилда муҳтарам Президентимиз бошчилигида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Барча соҳада янгича тизимлар йўлга қўйилди. Янги Ўзбекистонда, албатта, бу каби ижобий ўзгаришларни бутун дунё аҳли ҳам кузатиб бормоқда ва ўзларини ижобий фикрларини билдириб келмоқда.
Президентимизнинг Навоий вилоятига ташрифи чоғида янги замонавий, жаҳон стандартларига жавоб берадиган Кармана туманида қуёш электр станциясини ишга туширди. Бу энергетика тизимида биринчи улкан янгилик бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу станция Янги Ўзбекистон энергетика тизимидаги биринчи мана шундай улкан қадам, таъбир жоиз бўлса, “биринчи қалдирғоч” бўлиб, соҳа ривожида мутлақо янги даврни бошлаб бераётганини таъкидлади. Бундан ташқари “Навоийазот” акциядорлик жамиятида иккита янги завод — азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхоналари ҳам ишга туширилди. Умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳалар эвазига “Навоийазот”да маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробарга ошишини айтиб ўтди. Бу каби замоний ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилиб ишга тушиши бу янги иш ўринларини яратилишига сабаб бўлди.
Жамиятнинг келажаги унинг ажралмас қисми ва ҳаётий зарурати бўлган таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Президентимиз ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида бугунги кунда мустақил тараққиёт йўлидан бораётган мамлакатимизнинг узлуксиз таълим тизимини ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, янги сифат босқичига кўтариш, унга илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда таълим самарадорлигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мамлакатимиз раҳбари таъбири билан айтганда: “Агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради.
Инсон ўзгарса — бутун жамиятимиз ўзгаради”.
Таълимнинг бугунги вазифаси ўқувчиларни кун сайин ошиб бораётган ахборот-таълим муҳити шароитида мустақил равишда фаолият кўрсата олишга, ахборот оқимидан оқилона фойдаланишга ўргатишдан иборатдир. Бунинг учун уларга узлуксиз равишда мустақил ишлаш имконияти ва шароитини яратиб бериш зарур. Олий таълим муассасалари сони қарийиб тўрт йил ичида 141 тани ташкил этмоқда. Битирувчиларни ОТМга қамров 28 фоизга етди. Президентимиз мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрамидаги нутқида битирувчиларни олий таълим муассасаларига қамровини босқичма босқич кўпайтириш, яъни 50-60 фоизга чиқариш тўғрисида алоҳида айтиб ўтди.
Мустақилликнинг 30 йиллиги байрами арафасида “Янги Ўзбекистон боғи” ва Мустақиллик монументи она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш, қаҳрамон халқимиз шарафига бунёд этилган буюк обида сифатида қад ростлаб фойдаланишига топширилди.
“Халқимиз тарихида эзгу из қолдирган барча аждодларимиз доимо қалбимизда” деган чуқур маъноли сўзлар аждодларимиз, ота-боболаримиз хотирасига бугунги ёш авлодларнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромини билдиради.
Мустақиллик орзусида яшаган аждодларимиз не-не машаққатларни бошидан кечирмади, бу йўлда азиз жонларини қурбон қилдилар. Юртбошимиз таъбири билан айтганда: “Бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам, десак, адашмаган бўламиз”.
Ўйлайманки, “Янги Ўзбекистон” боғига экилган ниҳоллар мамлакатда униб-ўсаётган ёш авлод каби гўркираб осмонларга бўй чўзади. Самоларга интилган Хумо каби мамламкатимиз баланд истиқболларга интилаверади.
Баҳодир Собиров,
Навоий давлат педагогика институти ректори