“Янги Ўзбекистон” университетига кириш имтиҳонлари муваффақиятли якунланди
“Янги Ўзбекистон” университетининг 2026/2027 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари республика бўйлаб 13 та ҳудудда, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида бир вақтнинг ўзида муваффақиятли ўтказилди. Кириш имтиҳонларида 1 минг 402 нафар абитуриент иштирок этди.
Соат 12:00 да барча ҳудудларда бир вақтда бошланган имтиҳонлар абитуриентларга яшаш ҳудудига яқин жойда имтиҳон топшириш имкониятини яратиш, шунингдек, қабул жараёнининг очиқлиги, шаффофлиги ва қулайлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
[gallery-30122]
Кириш имтиҳонлари ҳамма ҳудудларда ягона тартиб ва белгиланган баҳолаш мезонлари асосида ўтказилди. Жараённинг адолатли, шаффоф ва тартибли ташкил этилиши учун барча зарур ташкилий чоралар кўрилди.
“Янги Ўзбекистон” университети учун қабул жараёнининг бир вақтнинг ўзида мамлакатнинг турли ҳудудларида ташкил этилиши иқтидорли ёшлар учун тенг имкониятлар яратиш, уларнинг олий таълимга киришдаги қулайлигини ошириш ҳамда энг муносиб номзодларни саралаб олишга хизмат қилмоқда.
Н.Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА мухбирлари