“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси”: финал босқичи доирасида енгил атлетика мусобақалари бошланди
Тошкент шаҳридаги “Олимпия шаҳарчаси” ҳудудида жойлашган Марказий стадионда “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси”нинг финал босқичи доирасида енгил атлетика мусобақалари бошланди.
Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан саралаб олинган иқтидорли ва маҳоратли талабалар иштирок этаётган мусобақанинг илк куни қизғин ва муросасиз беллашувларга бой ўтди. Дастурга мувофиқ, спортчилар эркаклар ва аёллар ўртасида 100, 400 ва 1500 метр масофаларга югуриш, 4х100 метрли эстафета ҳамда узунликка сакраш йўналишларида куч синашди.

Беллашувлар давомида бир қатор юқори натижалар қайд этилиб, ғолиблик учун кураш сўнгги дақиқаларгача давом этди. Айниқса, спринт ва эстафета баҳсларидаги рақобат томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Мусобақаларни кузатиш учун стадионга йиғилган спорт мухлислари ва талабалар кескин ҳамда ҳаяжонли баҳсларнинг гувоҳи бўлди. Иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, ирода кучи ва ғалабага бўлган интилиши ҳар бир чиқишда яққол намоён бўлди.

Енгил атлетика бўйича беллашувлар эртага ҳам давом этади. Унда талабалар спортининг энг кучли вакиллари медаллар ҳамда совринли ўринлар учун кураш олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА