“Янги Ўзбекистон талабалар Олимпиадаси” довруғи
Мамлакатимиз талаба-ёшлари ҳаётига катта спорт завқини олиб кирган “Янги Ўзбекистон талабалар Олимпиадаси”нинг финал босқичи ҳақиқий байрам кўринишини олди.
Мусобақаларнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Паралимпия қўмитаси раҳбарияти, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, олий таълим муассасалари ректорлари, спорт федерациялари вакиллари ҳамда ҳудудлардан келган спортчи-талабалар уч босқичдан иборат “Янги Ўзбекистон талабалари Олимпиадаси”нинг финал мусобақалари юқори савияда ташкил этилаётганини, мусобақалар том маънода Олимпия ўйинлари тизимида ўтказилаётганини эътироф этишди.

Дарҳақиқат, мусобақаларнинг очилиш маросими, унинг техник-тактик жиҳатлари, яратилган шарт-шароитлар, ҳар бир спорт тури бўйича ишлаб чиқилган дастурлар, очилиш маросимидаги бадиий безаклар, театрлаштирилган чиқишлар ёш спортчилар қалбига Олимпиада шукуҳини жо этди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида илк маротаба ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон талабалари Олимпиадаси” ёшларнинг спорт соҳасидаги салоҳиятини рўёбга чиқариш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳамда оммавий спорт ҳаракатини ривожлантиришга қаратилган муҳим спорт лойиҳаси экани амалда ўз ифодасини топди.

“Янги Ўзбекистон талабалар Олимпиадаси”нинг илк кунги мусобақаларида волейбол, футбол, гандбол бўйича саралаш мусобақалари, енгил атлетиканинг 6 та йўналишида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди.
Хусусан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида гандбол бўйича талаба-қизлар, “Олимпия шаҳарчаси” спорт майдонида йигитлар ўртасида дастлабки баҳслар бўлиб ўтди.

Қизлар жамоалари ўртасидаги қизғин ва муросасиз ўйинларнинг илк даврасида Андижон давлат педагогика институти Термиз давлат университети жамоасини 36:28 ҳисобида енгди, Фарғона давлат университети Жиззах давлат педагогика университети вакилларига 7:23, Фан ва технологиялар университети Чирчиқ давлат педогогика университетига 0:10, Бухоро давлат университети гандболчилари Ўзбекистон миллий педагогика университетига 18:19 кўринишида мағлуб бўлди.
“Олимпия шаҳарчаси”да гандболчи йигитлар мусобақасида Наманган давлат университети жамоаси Чирчиқ давлат педагогика университети вакилларини 28:11 ҳисобида, Навоий давлат университети Термиз давлат университети ёшларини 34:27 ҳисобида доғда қолдирди. Шунингдек, Самарқанд давлат университети Қорақалпоқ давлат университетидан 35:25 кўринишида устунликка эришди. Жиззах давлат педагогика университети спортчилари Бухоро давлат университети гандболчиларини 35:29 ҳисобида енгди.

Бугун, 6 июнь куни “Янги Ўзбекистон талабалар Олимпиадаси”нинг иккинчи кунги беллашувларида волейбол, футбол, гандбол бўйича ярим финал ўйинлари ўтказилса, енгил атлетиканинг қолган дастурларида совриндорлар аниқланади.
Маpкур комплекс спорт ўйинларини бевосита кузатиш учун ташриф буюрган мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 79 нафар олий ўқув юртлари ректорлари “Олимпия шаҳарчаси” билан яқиндан танишди.
Мусобақалар 9 июнга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА