Янги Ўзбекистон бунёдкорлари маҳорат синовида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухорода Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари – 2026” касбий маҳорат миллий танловининг “Қуруқ қурилиш ва сувоқ ишлари” ҳамда “Ошпазлик иши” йўналишлари бўйича республика босқичи баҳслари бошланди.
“Қуруқ қурилиш ва сувоқ ишлари” йўналиши бўйича мусобақалар Олимпия захиралари коллежи майдонида, “Ошпазлик иши” йўналиши бўйича беллашувлар эса Бухоро шаҳридаги 1-техникумда бир вақтнинг ўзида старт олди.
Республика босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган, туман (шаҳар) ҳамда ҳудудий (вилоят) босқичларида юқори натижа қайд этган энг иқтидорли ёшлар иштирок этмоқда. Танлов давомида уларни тайёрлаган ишлаб чиқариш таълими усталари ҳам иштирокчиларга ҳамроҳлик қилмоқда.
Иштирокчиларнинг назарий билими ва амалий кўникмалари “WorldSkills” халқаро стандартлари асосида баҳолаш тажрибасига эга малакали экспертлар томонидан баҳоланади. Баҳолаш жараёнининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида ҳар бир йўналиш бўйича апелляция комиссияси фаолият юритади.
[gallery-30403]
Миллий танлов ёшларнинг касб-ҳунарга қизиқишини ошириш, ўрта бўғин мутахассислари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, шунингдек, иштирокчиларнинг ички ва ташқи меҳнат бозорида муносиб иш ўринларини эгаллаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА