Янги лойиҳа Орол тақдири ва инсон ҳаётига манфаатли бўлиши керак
“Aral Sea Wetlands” лойиҳаси 2022–2026 йилларга мўлжалланган. Унинг асосий мақсади Қуйи Амударё ва Орол денгизи ҳавзасида экотизимлар барқарорлигини ошириш, ер деградациясини чеклаш ва аҳоли учун барқарор тирикчилик манбаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Лойиҳа Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё ва Мўйноқ туманларини қамраб олади. Бу ҳудудлар сув танқислиги, ерларнинг шўрланиши ва деградацияси каби муаммоларга дуч келмоқда.
БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги ваколатхонасида Глобал экологик жамғарма (GEF) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг “Орол денгизи ҳавзаси ландшафтининг таназзулга учраган ерларида барқарор ҳаётни таъминлашни қўллаб-қувватлайдиган асос сифатида кўллар, сув-ботқоқ ва қирғоқбўйи ҳудудларини сақлаш ҳамда бошқариш” (Aral Sea Wetlands) қўшма лойиҳаси Мувофиқлаштирувчи кенгашининг 7-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Алишер Саломов ҳамда БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини бажарувчи Анас Файяд Карман ҳамраислигида ўтказилди.
Қайд этилишича, лойиҳанинг муҳим йўналишларидан бири — кўллар, сув-ботқоқ ҳудудлари ва дарёларнинг қирғоқбўйи экотизимларини сақлаш. Бу ҳудудлар нафақат табиат учун, балки кўчиб юрувчи қушлар ва бошқа биохилма-хиллик вакиллари учун ҳам муҳим макон ҳисобланади. Лойиҳа доирасида сув ресурсларини интеграциялашган бошқаришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Лойиҳа доирасида 1050,9 минг гектар суғориладиган ерда сув тежовчи қишлоқ хўжалиги амалиётларини жорий этиш, 100 минг гектар яйлов, тўқай ва туранғи ўрмон экотизимларида барқарор ер бошқаруви чораларини қўллаш режалаштирилган. Шунингдек, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини кенгайтириш кўзда тутилган.
Йиғилиш давомида иштирокчилар лойиҳанинг амалга оширилиш натижалари, келгусидаги фаолиятнинг устувор йўналишлари, шунингдек биохилма-хилликни сақлаш, деградацияга учраган экотизимларни тиклаш ва экологик бошқарувни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, ҳисобот даврида лойиҳа доирасида сув ва ер ресурсларини бошқариш соҳасидаги мутахассислар учун 17 та ўқув семинари ва тренинг ташкил этилгани қайд этилди.
Кун тартибидаги муҳим масалалардан бири БМТТД Ўзбекистондаги лойиҳаси доирасида “Амударёнинг қуйи оқимида деградацияга учраган ва шўрланган ерларни тиклаш учун амалий ҳамда инновацион ечимлар” танловининг ишга туширилиши бўлди. Танлов деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш ва минтақа экотизимларининг барқарорлигини оширишга қаратилган амалий инновацион ечимларни излаш ва жорий этишга хизмат қилади. Бундан ташқари, йиғилиш доирасида экологик бошқарувни мустаҳкамлаш ва биохилма-хилликни сақлашга қаратилган амалий-ҳуқуқий чоралар ҳамда табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Иштирокчилар Орол ҳавзаси табиий ресурслари ва экотизимларини сақлаш ҳамда улардан барқарор фойдаланишга хизмат қилувчи ташаббусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган микро-грантлар дастури доирасидаги масала ва таклифларни ҳам муҳокама қилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА