Янги корхонада 280 киши ишли бўлди
Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги “Expo kollor prin teks” пахта-тўқимачилик кластери томонидан ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи янги корхона ташкил этилди.
Янги йил байрами арафасида мазкур корхона фойдаланишга топширили. Мамлакатимизда пахта-тўқимачилик кластерлари тизими жорий этилгани натижасида “пахта хом ашёсидан тайёр маҳсулотгача” бўлган занжирни қамраб олган йирик ишлаб чиқариш мажмуалари шаклланмоқда. Бу эса аҳоли бандлиги ва даромадларини янада оширишда муҳим омил бўлаётир.

“Expo kollor prin teks” пахта-тўқимачилик кластери ҳам Тошлоқ туманида янги лойиҳаларни амалга оширмоқда.
–Бугун иш бошлаётган корхонада 280 та доимий иш ўрни яратилаётгани, бу – 280 та хонадон доимий даромад манбаига эга бўлди дегани. Бугунги олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам одамларимизни муносиб иш ўрни ва шунга яраша иш ҳақи билан таъминлашдан иборат, – дейди очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.

Лойиҳа қиймати 78,3 миллиард сўм бўлган корхона, таъсисчиларнинг 38 миллиард сўм маблағи ҳамда Микрокредитбанкнинг 3,7 миллион доллар кредити ҳисобига ташкил этилди. Йиллик ёғ ишлаб чиқариш қуввати 15 минг тоннани ташкил этиб, қайта ишланган чигитдан, шунингдек, кунгабоқар ва бошқа мойли экинлардан рафинадланган ёғ, кунжара ва шулуха маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бир йилда корхонада 225 миллиард сўмлик ёғ ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Корхона иш бошлаши билан уч сменада 280 та доимий иш ўрни яратилди.

М.Сулаймонов, ЎзА