Янги корхона иш бошлади
Жиззах шаҳрининг Қалия маҳалласида йилига 2,5 миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш қувватига эга фабрика иш бошлади.
Жиззах шаҳрининг Қалия маҳалласида йилига 2,5 миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш қувватига эга фабрика иш бошлади.Янги корхона “Жиззах гранд текстиль” масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 миллион 268 минг доллар миқдоридаги маблағ эвазига барпо этилди.
– Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганидан фойдаланиб, ушбу лойиҳани амалга оширдик, – дейди корхона раҳбари Бекзод Бобожонов. – “Асакабанк”нинг Жиззах филиалидан олинган 868 минг доллар кредит маблағи бу борада қўл келди. Хориждан келтирилган замонавий пайпоқ тўқиш ускуналари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳсулот сифатини янада яхшилаш имконини беради.
Корхона иш бошлаши билан 60 янги иш ўрни яратилиб, унинг асосий қисмини касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар банд этди. Келгусида ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш ҳисобидан иш ўринлари сонини янада ошириш режалаштирилган.
Ушбу корхона вилоятда кейинги йилларда ишга туширилган пайпоқ фабрикасининг учинчисидир. Вилоятда 2015 йилда умумий қиймати 515 миллиард сўмлик 444 лойиҳа амалга оширилди. Уларнинг 107 таси енгил саноат корхоналари барпо этиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва модернизация қилиш йўналишидаги лойиҳалардир.