Янги ижодий лойиҳа АҚШда тасвирга олинади
АҚШдаги Vatan Global Alliance ўзбек жамияти раиси Озод Солиев, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов ҳамда Болалар контентини ривожлантириш маркази ижрочи директори Зафар Йўлдошев иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида АҚШда ўзбек фильм ва мультфильмларини намойиш этиш, шунингдек, хорижда яшаётган ўзбек болалари учун маданий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон миллий байроғига бағишланган илк бадиий фильм – «Байроқ кўтарган қиз» лойиҳасининг асосий қисмини АҚШда суратга олиш ҳамда кино ижодий жараёнига ўзбек диаспораси вакилларини жалб этиш бўйича фикр алмашилди.

Лойиҳа доирасида АҚШдаги суратга олиш жараёнларида мавжуд маҳаллий имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Ўзбек диаспораси вакилларининг кино лойиҳаларида иштирок этиши миллий маданиятни хорижда кенгроқ намойиш этишга хизмат қилиши таъкидланди.
Томонлар ўзбек киноижодкорлари ва хориждаги ҳамюртлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини эътироф этди. Шунингдек, АҚШдаги ўзбек жамоалари учун миллий кино ва болалар контентини тақдим этишнинг янги форматлари бўйича фикрлар билдирилди.

Бундай лойиҳалар орқали Ўзбекистон тарихи, маданияти ва миллий қадриятларини халқаро аудиторияга етказиш имкониятлари кенгайиши кутилмоқда. Келгусида келишувларни аниқ лойиҳаларга айлантириш ва ҳамкорликнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ишлар давом эттирилади.

Учрашув якунида миллий контентни халқаро майдонда тарғиб қилиш ҳамда хориждаги ўзбек болаларини миллий қадриятлар билан янада яқинлаштиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Н.Усмонова, ЎзА