Янги иш ўринлари ва миллий брендлар яратилмоқда
Хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқариш бугунги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамованинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳам ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ташриф доирасида ҳудуддаги етакчи ишлаб чиқариш ва тўқимачилик корхоналари фаолияти, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларга яратилган шароитлар ҳамда экспорт салоҳияти билан яқиндан танишилди.
Ташрифнинг дастлабки манзили миллий либослар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Ezaza group” масъулияти чекланган жамияти бўлди.

Бу ерда асрлар давомида сайқал топиб келаётган миллий ҳунармандчилик анъаналари замонавий ишлаб чиқариш усуллари билан уйғунлашган. Корхона чеварлари томонидан миллий либослар, зардўзлик тўнлари, келин-куёвлар сарполари, каштачилик буюмлари, турли сувенир ва безак маҳсулотлари юксак маҳорат билан тайёрланмоқда.
Аёллар меҳнатини қадрлаш, уларни доимий даромад манбаи билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратаётган корхонада бугунги кунда 30 нафар чевар доимий меҳнат қилмоқда. Шунингдек, яна 25 нафар тикувчи уй шароитида касаначилик асосида корхона билан ҳамкорлик қилиб, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Корхона қисқа вақт ичида катта ишлаб чиқариш салоҳиятига эга субъектлардан бирига айланди. Бу ерда бир ойда 400 миллион сўмгача бўлган қийматдаги маҳсулотлар тайёрланиб, буюртмачиларга етказиб берилмоқда.
Айниқса, корхонанинг кунлик ишлаб чиқариш қуввати таҳсинга сазовор. Бир кунда 400–500 донагача келин-куёвлар учун мўлжалланган зардўз чопонлар, махсус логотиплар туширилган маҳсулотлар, кашталар, бош кийимлар ва зардеворлар тайёрланмоқда.

Энг муҳими, бу ерда яратилаётган маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки халқаро майдонда ҳам ўз ўрнига эга бўлмоқда. Корхона Тожикистон ва Қозоғистон давлатларига 100 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт қилишга эришди.
“Ezaza group” бренди остидаги миллий либослар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Озарбайжон, Хитой ва Таиланд каби давлатларда ўтказилган нуфузли мода кўргазмаларида намойиш этилиб, миллий санъатимиз ва ҳунармандчилигимизни дунёга танитишда муҳим ўрин тутмоқда.
Ташрифнинг кейинги манзили “Мергантекс” пахта-тўқимачилик кластери таркибидаги “Нигора” фабрикаси бўлди.

Умумий қиймати 35 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур йирик лойиҳа замонавий кластер тизими асосида ташкил этилган бўлиб, пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлашдан тортиб, тайёр мато ҳамда тайёр кийим маҳсулотларини ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ жараённи қамраб олган.
Фабрикада бугунги кунда 840 та янги иш ўрни яратилгани алоҳида аҳамиятга эга. Бу эса нафақат ишлаб чиқариш ривожи, балки юзлаб оилалар фаровонлиги учун ҳам муҳим омилдир.
“Нигора” фабрикаси Хитой, Германия ва Белгиядан келтирилган, халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган.
Корхонада ишлаб чиқарилаётган “Шойигул” савдо ёрлиғи остидаги тикув-трикотаж ва тайёр кийим маҳсулотлари жаҳон бозорида ҳам муносиб ўрин эгалламоқда. Айниқса, Европа Иттифоқи мамлакатлари – Италия, Австрия, Буюк Британия ва Германияга амалга оширилаётган экспорт ҳажмининг йиллик 10 миллион АҚШ долларига етаётгани корхонанинг халқаро рақобатбардошлигини кўрсатади.

Бухородаги мазкур корхоналар фаолияти бир ҳақиқатни яна бир бор намоён этмоқда. Хотин-қизларга яратилган имкониятлар, уларнинг меҳнати ва иқтидори қўллаб-қувватланса, нафақат оила фаровонлиги, балки бутун ҳудуд иқтисодий тараққиётига хизмат қилади.
Бухорода миллий ҳунармандчилик анъаналари замонавий технологиялар билан уйғунлашиб, янги иш ўринлари, янги экспорт имкониятлари ва янги брендларни яратмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА