Янги давр олий дипломатияси
Жаҳонда кескинлик кузатилаётган бир пайт давлат раҳбарлари барқарорлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида муҳим дипломатик музокаралар олиб бормоқда. Демак, ҳафтанинг олий даражадаги учрашувлари тафсилотига тўхталамиз.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Жазоир Президенти Абдулмажид Теббунга икки давлат ва халқ ўртасидаги дўстона муносабатни ривожлантириш ҳамда умумий манфаатга қўшган ҳиссаси учун Давлат орденини тантанали равишда топширди.

Маросимда таъкидланишича, Абдулмажид Теббуннинг изчил сиёсати ва конструктив ёндашуви натижасида Туркия ва Жазоир ўртасидаги ҳамкорлик бугунги кунда юқори даражага кўтарилган. Шу билан бирга, икки давлат ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қатъий сиёсий ирода мавжуд экани алоҳида қайд этилди.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Австрия вазирлари Беате Майнл-Райзингер ва Герхард Карнер билан учрашув ўтказди. Учрашувда Қозоғистон ва Австрия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик изчил ривожланаётгани таъкидланди. Австриянинг Қозоғистон иқтисодиётига киритган инвестициялари 3 миллиард доллардан ошгани ва савдо алоқалари кенгайиб бораётгани қайд этилди. Томонлар халқаро ташкилотлар, хусусан БМТ ва ЕХҲТ доирасидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар. Шунингдек, икки давлат ўртасида визасиз режим бўйича келишув амалга киргани алоҳида қайд этилди. Учрашувда замонавий хавф-хатарларнинг трансчегаравий хусусияти ортиб бориши муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН)га аъзо давлатлар раҳбарлари йиллик саммити 2026 йил 8 май куни Себу шаҳрида бўлиб ўтди. Саммитда асосий эътибор Яқин Шарқдаги урушнинг оқибати ва минтақавий иқтисодиётга таъсирини юмшатиш масалаларига қаратилди. Расмийлар бу можаро “аслида юз бермаслиги керак эди” деган фикрни билдиришди. Муҳокамаларда Жануби-Шарқий Осиё давлатларининг энергия ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилди.
Минтақа давлатлари нефть ва газнинг катта қисмини Яқин Шарқдан импорт қилади. Мезбон давлат Филиппин Президенти Фердинанд Маркос саммитни глобал иқтисодий босим сабаб одатдаги тантанали тадбирларсиз ўтказилишини маълум қилди. Шунингдек, раҳбарлар Яқин Шарқда ишлаётган 1 миллиондан ортиқ АСЕАН фуқароларини зарурат туғилганда эвакуация қилиш масаласини ҳам муҳокама қилишди. Маълумотга кўра, АҚШ ва Исроил Эронга берган зарбалардан сўнг минтақада кескинлик сақланиб қолмоқда. Айниқса, Ҳурмуз бўғози ҳудудида вазият ҳамон беқарор.

Ереван шаҳрида Европа сиёсий ҳамжамияти (EPC) 8-саммити бўлиб ўтди. 40 дан зиёд давлат раҳбари иштирок этган анжуманда демократик барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва энергетик хавфсизликни кучайтириш ҳамда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишга Антониу Кошта ва Никол Пашинян ҳамраислик қилди. Шунингдек, Канада Бош вазири Марк Карни илк бор EPC саммитида меҳмон сифатида иштирок этди. Етакчилар Украинани қўллаб-қувватлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш зарурлигига алоҳида урғу беришди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА