Янги дастур асосида эҳтиёжманд оилаларга кўмак берилмоқда
Давлат раҳбарининг қарори асосида 2026 йил 1 мартдан бошлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим дастур ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Қарорга кўра, “Ижтимоий реестр”га киритилган, 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд бўлмаган оилаларнинг уй-жойлари босқичма-босқич энергия тежамкор тарзда таъмирланади. Жумладан, хонадонларнинг девор ва том қисмлари изоляция қилиниб, замонавий энергия тежовчи дераза ва эшиклар ўрнатилмоқда. Шунингдек, қуёш панеллари ёки гелиоколлекторлар билан жиҳозлаш орқали уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

–Ушбу дастур доирасида Бухоро вилоятида жами 89 та хонадонда қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди, –дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси шуъба мудири Хуршид Авезов. –Айни пайтда мазкур ишлар изчил давом эттирилиб, эҳтиёжманд оилалар учун қулай ва замонавий яшаш шароитларини яратиш чоралари кўрилмоқда.
Когон шаҳри “Амир Темур” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ушбу дастур самаралари яққол кўзга ташланмоқда. Маҳаллада 2442 нафар аҳоли истиқомат қилади, улардан 68 нафари ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланади. Маҳалла ижтимоий ходими Мунаввара Раҳмонова томонидан эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ана шундай фуқаролардан бири 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган, кўзи ожиз Усмон Рахматуллаевдир. У икки нафар вояга етмаган фарзандни тарбиялаб келмоқда. Ижтимоий ходим томонидан Усмон ака “Ижтимоий реестр”га киритилиб, унга давлат томонидан бир қатор амалий ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам ажратилди, Рамазон ойи муносабати билан бир марталик ёрдам берилди ҳамда коммунал тўловлари учун компенсация белгиланди.

Айни пайтда унинг хонадонида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Уй-жой ногиронлиги бўлган шахс эҳтиёжларига мослаштирилиб, иссиқликни сақловчи изоляция ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса нафақат яшаш шароитини яхшилаш, балки энергия тежамкорликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Бухоро тумани “Ойбек” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган фуқаро Шоира Саъдуллаева хонадонида ҳам таъмирлаш ишлари бошланди. Уйнинг эскирган ойналари замонавий энергия тежамкор ойналарга алмаштирилиб, келгусида хонадоннинг ташқи қисми иссиқликни сақловчи материаллар билан қопланиши режалаштирилган. Бу эса иссиқлик йўқотилишини камайтириб, яшаш шароитини сезиларли даражада яхшилайди.
Умуман олганда, мазкур дастур орқали Бухоро вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун қулай, хавфсиз ва энергия тежамкор уй-жой шароитларини яратиш кўзда тутилган.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири