Янги бинода илк никоҳ қайд этилди
Юртимизнинг ҳар бир гўшасида истиқлол айёми шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Оҳангарон тумани ФҲДЁ бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Энг азиз умуммиллий байрамимиз – Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрами арафасида Тошкент вилоятида тўйга тўёна сифатида қатор ишлаб чиқариш қувватлари, ижтимоий соҳа объектлари, маъмурий бинолар фойдаланишга топширилмоқда.
Юртимизнинг ҳар бир гўшасида истиқлол айёми шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Оҳангарон тумани ФҲДЁ бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокимлиги, адлия соҳаси масъуллари, туман фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Икки қаватли мазкур бинода ходимлар ва никоҳланувчилар учун барча зарур шароит яратилган. Лойиҳа қиймати 705 миллион сўм бўлган мазкур қурилиш объекти “Kushon Dizayn Qurilish” МЧЖ қурувчилари томонидан амалга оширилди.
Таъкидлаш жоизки, туман ФҲДЁ бўлими томонидан йил бошидан буён 1 минг 47 та туғилиш ҳолати ва 254 та никоҳ қайд этилган. Шунингдек, архив фондида мавжуд далолатнома ёзувлари ФҲДЁ ягона электрон архиви маълумотлари базасига киритиб борилмоқда. Хусусан, ҳозиргача туғилганлик далолатнома ёзувларидан 22 минг 451 та, никоҳда турганлик далолатнома ёзувларидан 12 минг 862 та, ўлим ҳолатлари далолатнома ёзувларидан 18 минг 385 та архив маълумоти киритилди, йил якунига қадар архив маълумотларини электрон ахборот тизимига тўлиқ киритиш режалаштирилган.
Шу куни янги бинода биринчи никоҳ ҳам қайд этилиб, янги оила қурган икки ёш «Бахт уйи»дан бахтиёр чиқиб кетди.
