Ялпи мажлис: Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда дастлаб “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Келишув комиссиясининг хулосаси кўриб чиқилди.
Мазкур Конституциявий қонунда Тошкент халқаро молия марказининг ҳуқуқий мақоми, фаолият тамойиллари, бошқарув тизими, ваколатлари ва марказ ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режим белгиланган.

Шунингдек, Марказ ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, мазкур Конституциявий қонунга ва Молия марказининг қарорларига зид бўлмаган ҳолда Англия ва Уэльс ҳуқуқининг принциплари, қонунчилиги ва суд прецедентлари амал қилишига оид қоидалар ўз аксини топган.
Бундан ташқари, Марказ маъмурияти, Тошкент молиявий хизматлар бошқармаси ва Тошкент халқаро тижорат судининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланган. Шу билан бирга, Марказ ҳудудида солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилиши белгиланган.
Олий Мажлис Сенатининг жорий йил 13 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Конституциявий қонуннинг айрим нормаларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилиб, рад этилган эди. Хусусан, Тошкент халқаро тижорат суди судьяларига қўйилаётган талабларни қайта кўриб чиқиш, Тошкент халқаро тижорат судининг ҳар қандай халқаро арбитражга оид ишни, маъмурий-ҳуқуқий низоларни кўриш каби айрим ваколатларини аниқлаштириш лозимлигига эътибор қаратилиб, қонунни такомиллаштириш юзасидан қарор қабул қилинган эди.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун юзасидан Сенат томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар Келишув комиссияси томонидан ҳар томонлама кўриб чиқилиб, Конституциявий қонун нормалари янада такомиллаштирилди. Хусусан, Тошкент халқаро тижорат судининг ваколатлари, судьяларга қўйиладиган талаблар, халқаро арбитраж ишларини кўриш тартиби ҳамда марказ ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режимга оид қоидалар аниқлаштирилди.
Депутатлар Конституциявий қонуннинг такомиллаштирилган таҳрири мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва замонавий молиявий хизматлар экотизимини шакллантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлишини таъкидладилар.
Муҳокамалар якунида қонун лойиҳасининг Келишув комиссияси томонидан такомиллаштирилган таҳрири юзасидан келишувга эришилди.
Давлат ветеринария назорати халқаро қоидаларга мувофиқ такомиллаштирилмоқда
“Давлат ветеринария назорати такомиллаштирилиши муносабати билан “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилиши устидан самарали назорат тизимини жорий этиш, ветеринария соҳасига илғор халқаро амалиётларни татбиқ қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг ветеринар осойишталигини ҳамда давлат ветеринария хизмати назоратидаги товарлар хавфсизлигини таъминлашнинг кафолатли тизимини жорий этиш, давлат ветеринария назоратини янада такомиллаштириш ҳамда ветеринария соҳасидаги қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг қоидаларига мувофиқлаштириш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасида “Ветеринария тўғрисида”ги қонунга ветеринария соҳасидаги асосий принципларни белгилашга, Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасининг ветеринария соҳасига оид ваколатларини аниқлаштиришга, давлат, идоравий, ишлаб чиқаришдаги ва хусусий ветеринария хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиришга қаратилган нормалар ўз аксини топмоқда.
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Муқаддас Аҳмедова қуйидагича фикр билдирди:
— Қонун лойиҳасини маромига етказишда давлат ветеринария хизмати назоратидаги товарларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва реализация қилишга қаратилган нормаларни такомиллаштириш, соҳага оид атама ва нормаларни миллий қонунчилик асосида Жаҳон савдо ташкилотининг қоидалари ва нормаларига уйғунлаштиришга алоҳида аҳамият қаратилди. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши ветеринария, ветеринария-санитария хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга, давлат ветеринария хизматини амалга ошириш ва унинг устидан назорат қилишда очиқликни таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Саноат хавфсизлиги талаблари кучайтирилади
Депутатлар саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳаларидаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Таъкидланганидек, янги саноат тармоқларининг ривожланиши, юқори хавф даражасига эга технологияларнинг амалиётга жорий этилиши соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш заруратини юзага келтирмоқда. Ўтган даврда содир бўлган авариялар ва бахтсиз ҳодисалар таҳлили эса хавфсизлик чораларини кучайтириш, соҳада фаолият юритаётган субъектларнинг масъулиятини ошириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган превентив чораларни кучайтиришни тақозо этмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан амалдаги қонун ҳужжатларига саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳаларида давлат назорати тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳалардаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, Жиноят кодексига саноат хавфсизлиги талабларини бузганлик баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига, одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлган тақдирда, бунинг учун жавобгарликни назарда тутувчи нормалар киритиляпти. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда эса атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларни бузиш учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Шу билан бирга, бир қатор қонунларда тегишли соҳалардаги органларнинг ваколатлари, ҳуқуқий мақоми аниқлаштирилиб, ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасида атом энергиясидан фойдаланиш, радиация ва ядровий хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ қоидаларни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш мезанизми ҳам назарда тутиляпти. Бу эса соҳада фаолият кўрсатувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш, улар томонидан хавфсизлик талабларига риоя этилишини кучайтиришга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти, айни чоғда заруратини эътиборга олиб, ундаги айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларига аниқлаштирувчи саволлар берди. Шунингдек, лойиҳани янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвони таъсис этилмоқда
Кун тартибидаги навбатдаги масала — “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвонини таъсис этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳасининг асосий мақсади — коммунал хўжалиги ходимларининг кўп йиллик ҳалол ва самарали меҳнатини эътироф этиш, уларнинг жамиятдаги нуфузи ва ижтимоий мақомини ошириш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳада юқори касбий маданият, масъулият ва фидойиликни рағбатлантиришдан иборат.

Ҳужжат билан “Ўзбекистон Республикасида коммунал, маиший ва савдо соҳасида хизмат кўрсатган ходим” фахрий унвони негизида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвони таъсис этилмоқда.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳаси соҳадаги ходимларнинг касбий фаолиятини муносиб қўллаб-қувватлаш, ёш ва малакали кадрларни соҳага жалб этиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда коммунал хўжалиги тизимида хизматлар сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда
Бир гуруҳ депутатларнинг қонунчилик ташаббуси билан киритилган — “Халқаро меҳнат стандартлари миллий қонунчиликка имплементация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг 111-сонли Конвенцияси нормаларини миллий қонунчиликка изчил жорий этишга қаратилган. Унга кўра, Меҳнат кодексида меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш белгилари қатори “терисининг ранги” ва “сиёсий қарашлар” тушунчалари билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, меҳнат муносабатларида инсон шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш, иш жойларида шаҳвоний шилқимликнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Меҳнат кодексини меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимликка йўл қўймасликка оид янги норма билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Таклиф этилаётган ушбу норма депутатларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди. Меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимлик содир этилганда кўриладиган жавобгарлик чоралари қандай тартибда амалга оширилиши юзасидан изоҳ сўралди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг, депутатларнинг таклиф ва тавсиялари асосида қонун лойиҳасига масъул қўмита томонидан ушбу норма такомиллаштириладиган бўлди.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Нурилло Насриев,
ЎзА