Яккачиқирликларнинг мурожаатлари тингланди
Хоразм вилояти Тупроққалъа туманидаги Яккачиқир маҳалласида вилоят адлия бошқармаси бошлиғи сайёр қабули ўтказди.
Сайёр қабулда вилоят адлия бошқармаси раҳбарияти, “маҳалла еттилиги” ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Қабул давомида профилактик ҳисобда турган шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, низоли оилалар билан манзилли ишлаш, ҳуқуқий муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда бу борада “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.


Сайёр қабул давомида 30 нафардан ортиқ фуқароларнинг мурожаати тингланди, 10 та мурожаат жойида ҳал этилди, 10 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилди, 20 нафар фуқарога сайёр тартибда ҳуқуқий ва давлат хизматлари кўрсатилди ва ўрганилиши талаб этилаётган ҳолатлар бўйича 6 та мурожаат иш юритувга қабул қилинди.

– Яккачиқир нафақат вилоятимизнинг, балки мамлакатимизнинг энг чекка маҳаллаларидан бири ҳисобланади, – дейди фуқаро Маъмуржон Жумабоев. – Аҳоли учун вилоят марказига бориб учрашиш маълум маблағ ва вақт талаб этади. Адлия раҳбарининг маҳалламизга ўзи келиши мурожаатчиларнинг оворагарчилиги ва ортиқча харажатларини камайтирди. Кўп масалалар шу ернинг ўзида ҳал бўлди.
Қабул давомида фуқароларга янги қабул қилинаётган қонунлар, имтиёзлар, субсидиялар ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўллари бўйича бевосита тушунтиришлар берилади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири