Яхши сўз жон озиғи
Сўз мулкининг султони – Aлишер Навоий асарларини ўқимаган, ғазаллари мисраларини ёддан билмайдиган китобхон бўлмаса керак. Унинг ғазаллари, гўзал ташбеҳлари бир нур мисоли тафаккуримизни ёритгувчидир.
Сўз мулкининг султони – Aлишер Навоий асарларини ўқимаган, ғазаллари мисраларини ёддан билмайдиган китобхон бўлмаса керак. Унинг ғазаллари, гўзал ташбеҳлари бир нур мисоли тафаккуримизни ёритгувчидир.
Бобомиз туркий тилда битилган бебаҳо асарлари билан тилимиз қудратини оламга ёйиб, ушбу тилнинг нақадар бой ва мукаммал эканини исботлади. Шунинг билан бир қаторда, сўзнинг қудрати, юки ва масъулияти ҳақида келажак авлодга улкан ва бебаҳо хазина қолдирди.
Жумладан, “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида сўз ҳақида шундай дейилади: “Сўз бир дур бўлиб, унинг дарёси кўнгилдир, кўнгил шундай бир ўрин бўлиб, унда майда ва йирик маънолар тўплангандир. Бу шунга ўхшайдики, марварид дарёдан ғаввос воситасида олиб чиқилади, қиймати эса тошига қараб маълум бўлади. Сўз дури ҳам кўнгилдан сўзга чечан киши воситаси билан нутқ шарафига эришади, унинг қиймати ҳам ўзининг даражасига қараб шуҳрат қозонади ва ҳамма ёққа ёйилади. Сўз дурининг айирмаси, бундан ҳам чексиз, бунданда ниҳоясиздир. Шундайки, яхши сўздан баданга тоза руҳ етади, ёмон сўздан тирик танга ўлдирувчи заҳар хосияти пайдо бўлур”.
Навоий таъбири билан айтганда, инсон ҳар бир сўзни билиб, ўз ўрнида сўзламоғи лозим. Сўз айтгувчи суҳбат чоғида тингловчининг кўнгил сирларини очувчи, қалб дардларига малҳам бўлувчи, меҳрга ташна қалбни ўзининг сўзлари билан даволамоғи керак. Зеро, яхши сўз жонга озиғ эрур, дилларни ўзига пайванд қилгувчидир. Сўзнинг буюклиги тингловчисининг кўплигидадир, яхши сўз қимматбаҳо безакдурки, инсонни гўзал қилиб кўрсатади. Инсоннинг борини ойна каби кўрсатувчи унинг яхши ва ёмон сўзидир, шундай сўзни сўзлангки, диллар ором олиб, меҳр қуёши сиз томонда порласин.
Навоий тилимиздаги ҳар бир сўздан ўз ўрнида ва маҳорат билан фойдаланганки, натижада буюк хазина яратилган. Хазинанинг ҳар бир сатри эса тилимизнинг гавҳаридир. Гап сўз, унинг қудрати, инсон ҳаёти ва жамият ривожида тутган ўрни ҳақида борар экан, мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолининг мутолаа маданиятини ривожлантириш, айниқса ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича бошланган тизимли ислоҳотларни алоҳида эътироф этиш жоиз. Зеро, юқорида қайд этиб ўтганимиздек, яхши сўз жон озиғидир. Яхши сўз айтмоқ эса билимни, ўз навбатида билим мутолаани талаб қилади. Бу борада биз ёшлар тилимизнинг қудратини ошириш йўлида доимо изланиб, аждодларимизга муносиб фарзанд бўлишимиз лозим.
Aндин улуғроғин кўрмади дунё,
Халқин дарди билан ёнди у танҳо.
Минг йилда келгайму унингдек даҳо,
Куйланг Навоийнинг ғазал, байтини.
Сабо гулшанинг гавҳари эрур,
Янгроқ забонимдан инжулар терур.
Саховат аҳлининг султони эрур,
Куйланг Навоийнинг ғазал, байтини.
Минг йиллар орзуси ушалсин энди,
“Она тилим”, дея сайр этгим келди.
Қаранг Навоийнинг навоси келди,
Куйланг Навоийнинг ғазал, байтини.
Феруза ЁРИЕВА,
Бухоро шаҳридаги 28-умумтаълим мактабининг
она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси