“Ягона дарча” – имкониятлар эшиги
Қашқадарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш марказлари самарали фаолият кўрсатмоқда. Марказларда яратилган иш механизмлари тадбиркорларга қатор қулайликлар яратаётир.
Қашқадарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш марказлари самарали фаолият кўрсатмоқда. Марказларда яратилган иш механизмлари тадбиркорларга қатор қулайликлар яратаётир.Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда.
Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича 14 марказ ташкил этилди. Мазкур марказлар белгиланган талаблар асосида замонавий жиҳозланди.
Марказларда тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш билан бирга, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул маслаҳат берилмоқда.
Қамаши туманида малакали мутахассислар томонидан тадбиркорларга 16 турдаги хизмат таклиф этилмоқда.
– Қамаши педагогика-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битиргач, тадбиркорлик билан шуғулланишга қарор қилдим, – дейди Ботирали Шарипов. – Тўғриси, ишни нимадан бошлашни, бизнес-режа қандай тузилиши, фаолият тури қанақа бўлиши ва солиқ тўлови ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасдим. Туманда тадбиркорларга кўмак берадиган “ягона дарча” маркази очилганини эшитиб, мурожаат қилдим. Керакли ҳужжатларни тақдим этдим. Натижада банкдан кредит олишга ҳам муваффақ бўлдим. Ҳозир якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритмоқдаман.
“Шарипов Ботирали Баҳром ўғли” якка тартибда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектидир. Давлатимиз томонидан коллеж битирувчиларига яратилган имтиёзлардан фойдаланган Б.Шарипов солиқлар тўлаш борасида кўпгина имтиёзларга эга бўлди ва бу қулайлик сотилаётган маҳсулот нархини арзонлаштириш имконини бермоқда.