Ворислик масъулиятини англаган педагог – Учинчи Ренессанс бунёдкори
Бугун дунё тараққиёти янги босқичга кўтарилди. Эндиликда давлатларнинг қудрати ҳудуди ёки табиий бойликлари билан эмас, балки билим, технология ва инсон капитали билан белгиланмоқда. Президентимиз 30 июнь куни ёшлар билан учрашувда айнан шу ҳақиқатни алоҳида таъкидлаб, Янги Ўзбекистон тараққиётининг таянчи билимли, ташаббускор ва масъулиятли ёшлар эканини қайд этди.
Давлатимиз раҳбарининг нутқида илгари сурилган ғоялар чуқур фалсафий мазмун касб этади: “Ворислик фақат фахрланиш эмас, ворислик бу улкан масъулият ҳамдир.”
Ушбу фикр, аввало, биз педагогика соҳаси вакиллари ва бўлажак педагоглар зиммасига юклатилган масъулиятни янада теранроқ англашга ундайди. Зеро, педагог нафақат дарс берувчи мутахассис, балки жамиятнинг эртанги қиёфасини шакллантирувчи, миллатнинг тарихий хотираси, маънавий қадриятлари ва илмий меросини келажак авлодга етказувчи шахсдир. Шунинг учун ҳам бугун педагогика олий таълим муассасалари олдида турган энг муҳим вазифалардан бири замонавий билим ва касбга эга мутахассис кадрларни етказиш билан бирга ворислик масъулиятини чуқур ҳис қиладиган устозни тарбиялашдан ҳам иборат.
Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу сиёсат натижасида маҳаллаларда ёшлар етакчилари корпуси шакллантирилди. Мазкур тизимнинг самарадорлиги эса, аввало, олий таълим муассасаларида шаклланаётган лидерлик мактабига таянади.
Самарқанд давлат педагогика институтида ҳам талабалар турли йўналишларда координатор, волонтёр ва жамоатчилик фаоллари сифатида фаолият юритиб, тенгдошлари билан ишлаш, уларнинг муаммоларини тинглаш ва амалий ечим топиш кўникмаларини эгалламоқдалар. Шу каби ҳамкорлик тажрибалари маҳаллалардаги ёшлар етакчилари фаолияти самарадорлигида ҳам муҳим омил бўлмоқда. Демак, педагогика олийгоҳлари нафақат ўқитувчи, балки замонавий етакчиларни ҳам тарбиялаётган маскан ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда нуронийларнинг ҳаётий тажрибасига алоҳида эътибор қаратди. Бу ёндашув олий таълим тизимида ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Таълим муассасаларида Фахрийлар кенгаши аъзолари ўзларига бириктирилган ёшлар билан мунтазам мулоқот олиб бориш амалиёти йўлга қўйилди. Бундай учрашувларда талабалар нафақат таълим жараёнидаги масалалар, балки ҳаётий танловлар, касбий ривожланиш, оилавий қадриятлар ва шахсий камолот бўйича ҳам нуронийларнинг бой тажрибасидан баҳраманд бўлмоқда. Бу эса ёшларда ҳаётга масъулиятли муносабат, Ватанга садоқат ва миллий қадриятларга ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ёшлар куни” деб эълон қилингани ҳам ёшлар билан ишлашнинг янада таъсирчан тизимини шакллантирди. Институтимизда ушбу кун доирасида давлат ташкилотлари, банклар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, иш берувчилар ва тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда. Натижада битирувчи талабаларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг стартап ғояларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва имтиёзли имкониятлардан фойдаланиш бўйича муҳим натижаларга эришилмоқда.
Президентимиз бугунги кун муваффақиятининг уч устуни сифатида билим, касб ва технологияни эътироф этди. Бу тамойил педагогика олий таълим муассасалари олдига ҳам янги вазифаларни қўймоқда. Эндиликда педагог нафақат фанни мукаммал билиши, балки рақамли технологияларни эгаллаган, хорижий тилларни биладиган, сунъий интеллект ва замонавий таълим методларини қўллай оладиган мутахассис бўлиши зарур. Чунки эртанги мактаб бугунги педагог тайёргарлигига боғлиқ.
Зиммамизга юклатилган вазифаларнинг асосини ягона тушунча – ворислик масъулияти бирлаштиради. Буюк аждодларимиз билан фахрланиш ҳар биримиз учун шарафдир. Шу билан бирга Президентимиз таъкидлаганидек, ворислик фақат фахрланиш билангина чекланмайди. Ворислик бу аждодлар бошлаб берган илмий тафаккур, бунёдкорлик ва маърифат йўлини давом эттириш масъулиятини ўз зиммасига олишдир. Айнан педагог ана шу масъулиятни ёш авлод қалбига сингдирадиган энг асосий шахсдир.
Зеро, Учинчи Ренессанс пойдеворини бино ва иншоотлар эмас, балки тафаккури юксак, маънавияти бой, билимли ва ворислик масъулиятини англаган инсонлар барпо этади. Ана шундай инсонларни тарбиялайдиган педагог эса Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим бунёдкоридир.
Шаҳзода Негматова,
Самарқанд давлат педагогика институти ректори,
профессор.
ЎзА