“Voice Up – 2026”: келажак сари дадил қадам
Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманидаги санаторийда ташкил этилган “Voice Up – 2026” инклюзив оромгоҳи ўз фаолиятини бошлади. Иштирокчилар тантанали тарзда кутиб олиниб, очилиш маросими кўтаринки руҳда ўтказилди.
Дастурга мувофиқ, оромгоҳ доирасида турли йўналишларда мазмунли семинар ва тренинглар бошланди. Малакали мутахассислар томонидан ўтказилаётган машғулотлар ёшларнинг шахсий ривожи, психологик барқарорлиги ва ички мотивациясини мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек, етакчилик кўникмалари, жамоа билан самарали ишлаш, замонавий фикрлаш ва ташаббускорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Интерактив семинарлар ва маҳорат дарслари эса иштирокчиларга янги билим ва тажрибаларни амалий тарзда эгаллаш имконини бермоқда.
“Voice Up – 2026” инклюзив оромгоҳида Қорақалпоғистоннинг шаҳар ва туманларидан саралаб олинган 50 нафар фаол, иқтидорли ва ташаббускор ёш иштирок этмоқда. Улар орасида имконияти чекланган ёшларнинг ҳам борлиги лойиҳанинг ҳақиқий инклюзив руҳини намоён этиб, тенг имкониятлар муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.
Мазкур оромгоҳ нафақат билим ва кўникмаларни ошириш, балки янги дўстлар орттириш, ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва келажак сари дадил қадам ташлаш учун муҳим майдонга айланмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА